Янги демократик давлатларда конституциявийликнинг жипслашуви: Евроосиё истиқболлари

11.08.2020 10:56

ТОШКЕНТ, 11 август. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 10-11 август кунлари “Янги демократик давлатларда конституциявийликнинг жипслашуви: Евроосиё истиқболлари” мавзусида видеоконференция шаклидаги давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири ?нсон ҳуқуқлари бўйча Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази маълумотига асосланиб.

Тадбир Япониянинг Осиё ҳуқуқий алмашинувлар маркази ва Нагоя университети Олий ҳуқуқ мактаби томонидан ?нсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Тошкент давлат юридик университети, Германиянинг Шарқий Европа ҳуқуқи институти ва Регенсбург университети ҳамда Австралиянинг Мельбурн университети Ҳуқуқ мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбатида янги демократик давлатларда конституциявийлик тамойилларининг ривожланиши масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда Австралия, Япония, Германия, Россия ва Ўзбекистоннинг етакчи экспертлари сўзга чиқди.

Хусусан, академик Акмал Саидов халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ноёб намунаси бўлган Ўзбекистон Конституцияси ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши борасида асосий юридик пойдевор бўлиб келаётганини қайд этди.

Конституциянинг яратилиши тарихини атрофлича ўрганиш, бу муҳим ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини чуқур талқин ва таҳлил этиш мустақил Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўқиб-ўрганишнинг таркибий қисми сифатида катта аҳамият касб этади. Чунки мустақил Ўзбекистон Конституциясининг ишлаб чиқилиши, муҳокама этилиши ва қабул қилиниши ҳамда ривожлантирилиши жараёнлари мамлакатимиз мустақиллиги тарихининг бевосита узвий қисмидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «1992 йил 8 декабрда мустақил Ўзбекистонимиз Конституциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди». Конституция ва миллий тикланиш, маънавият ва маърифат, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, миллий ўзлик ва азалий қадриятлар, бу кўҳна замин одамлари кўнглида устувор бўлган адолат ва одиллик, иймон ва олижаноблик, бағрикенглик ва мардлик, инсонпарварлик ва тантилик каби улуғ хислатлар Конституциядан муносиб ўрин олган.

Давра суҳбати давомида конституциявий ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашнинг назарий ва амалий масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Конституциявий ривожланиш соҳасидаги илмий изланишларни такомиллаштириш юзасидан амалий таклифлар тавсия этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net