Яна бир ватандош номи "Олтин дафтар"га киритилди – Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси

21.08.2020 10:40

БРЮССЕЛЬ, 21 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчихонасида ушбу давлатда истиқомат қилувчи ватандош, «Sat Express Services» компанияси раҳбари С.Сидиков билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув аввалида элчи Дилёр Ҳакимов жорий йилнинг 17 августида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари иштирокида хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шароит яратиш ва улар билан тизимли ишлаш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида баён қилинган масалалар хусусида батафсил маълумот берди.

Мулоқот давомида хорижда меҳнат қилаётган ватандошларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш масалалари, улар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда малака ошириб қайтган юртдошларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган устувор вазифалар ҳақида суҳбатлашилди.

Ватандош С.Сидиков Тошкент шаҳрида туғилган ва 20 йилдан буён Бельгияда яшаб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.

Унинг қайд этишича, узоқ йиллардан буён ватандан олисда бўлса-да, Ўзбекистонда сўнги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор экани, қалби ва фикру ҳаёли ватан билан бирга эканини маълум қилди. Мамлакатимизда инвестиция муҳитининг яхшилангани, тадбиркорларга имкониятлар яратилаётганини қайд этди. Ана шундай имкониятлардан фойдаланиш мақсадида С.Сидиқов Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.

Хусусан, у Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан Тошкент шаҳрида музлатилган хамир ва миллий таомларни «Mali» бренди билан ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Шунингдек, С.Сидиков ўз маблағи ва чет эл технологиялари асосида Бельгия вафлисини ишлаб чиқариш цехини ташкил қилиб, 35 та доимий иш ўрни ташкил қилди.

Ҳозирги кунда юқорида қайд этилган маҳсулотлар ички бозорда харидоргир. Келгусида ушбу маҳсулотларни қўшни ва Европа давлатларига ҳам экспорт қилиш режалаштирилган.

Суҳбат давомида яқин келажакда амалга оширилиши мумкин бўлган режалар, хусусан, Бельгия бренди остидаги шоколад ва уни тайёрлашда қўлланиладиган технологияларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш, мамлакатимиз қуритилган мевалари экспортини йўлга қўйиш каби бизнес лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

Элчи Д.Ҳакимов ватандошнинг мамлакатимизда ўз бизнесини кенгайтириш, ҳуқуқий ҳужжатларни тўғри йўлга қўйиш ва тадбиркорларга яратилган имкониятлар борасидаги саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

Хоразм вилоятида «Ҳазорасп эркин иқтисодий зонаси» ташкил этилгани, унинг имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ушбу ҳудудда Бельгия маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклиф қилинди.

«Ҳазорасп эркин иқтисодий зонаси»да яратилган имкониятларга юқори қизиқиш билдирган ватандош С.Сидиқов ҳудудда имкониятларини ўрганиш ва бизнес лойиҳалар ишлаб чиқишини билдирди.

Мулоқот якунида С.Сидиқов Ўзбекистонга қайтиб, тадбиркорлик фаолиятини муваффақиятли давом эттираётганидан мамнунлигини билдирди.

“Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиздаги ва хориждаги барча юртдошларимизни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги билан табриклаб қоламан”, деди ватандош “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда.

Учрашув якунида С.Сидиқов ҳақидаги маълумотлар салоҳиятли ватандошлар рўйхати – «Олтин дафтар»га киритилди, унинг келгусида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net