Хориждаги ватандош: мамлакатимизда чет эллардаги ҳамюртлар билан яқин алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш юзасидан зарур чоралар кўрилмо

24.08.2020 10:37

КУАЛА-ЛУМПУР, 24 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шароит яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ушбу масала Ўзбекистон тарихида илк бор ана шундай шаклда муҳокама қилингани халқаро ҳамжамият ва чет элдаги ватандошлар томонидан илиқ қарши олинмоқда.

?сомиддин Раҳимов, Малайзия «MARA» технология университетининг Математика кафедраси профессори:

– 2004 йилдан буён Малайзиянинг MARA технология университетида ишлаб келмоқдаман. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон фарзанди сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни матбуот орқали кузатиб бораман. Яқинда Президентимиз бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар ҳолидан хабардор бўлиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Бу хориждаги барча ўзбекистонликлар қаторида менда ҳам юртимизда инсон омилига олий қадрият сифатида қаралишига бўлган ишончимни янада оширди. Қайд этиш жоиз, Малайзиядаги фаолиятим давомида ушбу таълим муассасаси тажрибасини юртимизда оммалаштириш учун Ўзбекистондаги қатор олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолашга эришдик. Турли халқаро анжуманлар ўтказиш орқали тажриба алмашишни йўлга қўйдик.

Хусусан, жорий йилнинг 24 август куни Ўзбекистон Миллий университети ва Малайзиянинг МАРА технологиялар университети ҳамкорликда Халқаро конференция ўтказилди. Унда Малайзия ва Ўзбекистондан олимлар қатнашди. Айни пайтда Самарқанд давлат университети билан МАРА технологиялар университети ўртасида ҳамкорлик шартномасини имзолаш арафасида турибмиз. Унга кўра Ўзбекистон билан Малайзия ўртасида талаба ва ўқитувчилар алмашинувини амалга ошириш режалаштирилган.

Шу ўринда таъкидлашни истардимки, мен кейинги фаолиятим давомида ҳам Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга хайрихоҳ сифатида бу йўлда ўз ҳиссамни қўшаман.

Нафиса Хўжаева, Малайзиянинг «ПEТРОНАС» нефть-газ компаниясининг Хавфсизлик, соғлиқ ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи:

– Замонавий жамият ривожида меҳнат миграцияси муаммолари тобора муҳим ўрин тутмоқда. Халқаро меҳнат миграцияси жараёнларида ривожланаётган мамлакатлар иштироки тобора ортиб бормоқда. Шу билан бирга, мамлакатлар ва дунёнинг турли минтақаларида миграция оқимининг табиати ва йўналиши ҳам сезиларли даражада ўзгаряпти. Давлат томонидан меҳнат мигрантларига зарур шароит яратилиши, ижтимоий кафолатлар, таълим тизимини ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш чет элда меҳнат муҳожирлари рақобатдошлигини белгиловчи асосий омил саналади. Шу муносабат билан, жорий йилнинг 17 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида чет элда ишлаётган фуқаролар учун муносиб шароит яратиш ва улар билан тизимли равишда ишлашга бағишланган видеоселектор йиғилиши долзарб аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда чет элларда, хусусан, Россия, Қозоғистон, Туркия каби қатор давлатларда меҳнат миграцияси бўйича ватандошлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва яшаш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Малайзиянинг “ПEТРОНАС” миллий нефть-газ компаниясида меҳнат фаолиятимни амалга ошираётган ўзбекистонлик сифатида ҳар доим давлатимиз ижтимоий ва ҳуқуқий кўмагини ҳис этаман.

Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан хориждаги ватандошлар билан яқин алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Шу ўринда меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш муаммоларини ҳал қилишнинг иккита асосий жиҳатини таъкидлашни истардим.

Биринчидан, мигрантларнинг аксариятини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича қайта ўқитиш ва чет тилларини билиш даражасини ошириш орқали қўллаб-қувватлашга қаратилган қисқа муддатли чоралар қабул қилиш.

Шу ўринда, давлатимиз раҳбарининг меҳнат муҳожирлари ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш учун маблағ тўплаш, чиқиб кетиш билан боғлиқ тартибларни соддалаштириш, кўп сонли ватандошлар бўлган шаҳарларда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхоналарини очиш қарорини олқишлайман ва бу муҳожирлар ҳаётида муҳим ўрин тутишини қайд этмоқчиман.

?ккинчидан, чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари муносиб шароитда ишлашлари, халқаро тажрибага эга бўлишлари ва энг муҳими муносиб иш ҳақи олишлари учун йирик иш берувчилар билан ўзаро муносабатларни кенгайтиришга қаратилган узоқ муддатли чоралар кўриш зарур. Бунинг учун, биринчи навбатда, корхона ва компаниялар талабларига мувофиқ малакали, рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш керак.

Сўзим якунида яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатимизда чет элдан қайтган ватандошларнинг касб, малака ва келажак режаларини ҳисобга олган ҳолда уларни иш билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу тариқа билим ва тажрибага эга фуқаролар мамлакат фаровонлигига хизмат қилишга интилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net