Хитойга иккинчи инсонпарварлик ёрдами жўнатилди

04.03.2020 14:57

ТОШКЕНТ, 4 март. /“Дунё” АА/. Бугун дунёда коронавирус эпидемияси тобора глобал хавотирга сабаб бўлмоқда. Тарқалиш ўчоғи Хитойнинг Ухань шаҳри экани қайд этилса-да, янги турдаги вирус билан оғриган инсонлар дунёнинг 70 дан ортиқ давлатида рўйхатга олинган.

Бундай шароитда Президент Шавкат Мирзиёев ХХР Раиси Си Цзиньпинга мурожаат йўллаб, ўзбек халқи Хитойни ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган ва қисқа фурсатларда ушбу мамлакатнинг Хубей провинцияси учун зарур маҳсулотлардан иборат гуманитар ёрдам юборилганди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик мақомига эга. Кенг кўламли ва мазмун касб этадиган ўзаро муносабатларнинг жорий босқичи иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш баробарида зарур ҳолларда ўзаро ёрдам кўрсатиш, турли глобал таҳдидларга биргаликда қарши курашишни ҳам англатади.

Жорий йилнинг 3 март куни Хитойга жўнатилган иккинчи гуманитар ёрдам юки ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг юқори даражасини акс эттирди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи босқичи учун зарур тиббий воситалар рўйхати шакллантирилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаевнинг қайд этишича, Бу гал мамлакатимизнинг “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси корхоналари томонидан тайёрланган махсус тиббий кийимлар, тиббий ниқоблар ва тиббий докалар жўнатилди.

Бугун Хитой вакиллари бу кўмакнинг шунчаки зарур тиббий юк эмаслигини, балки бирдамлик ҳис-туйғуси билан тўлиб-тошган ўзбек халқининг чин дўстона мадади эканини алоҳида таъкидламоқда.

Фото: кун.уз

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net