Хитойда янги турдаги коронавирусга қарши кураш изчил давом этмоқда

27.02.2020 12:24

ПЕК?Н, 27 февраль. /“Дунё” АА/. Хитой Халқ Республикаси ҳукумати янги турдаги коронавирус тарқалишига чек қўйиш ва касаллик оқибатларини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда.

ХХР Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича давлат қўмитасининг қайд этишича, жорий йил 26 февраль ҳолатига кўра, мамлакатда касалликни юқтирганлар сони 78 минг 64 киши, ушбу хасталик сабаб ҳаётдан кўз юмганлар 2 минг 700 ортиқ киши, хасталикдан соғайганлар эса 29 минг 810 кишини ташкил этган.

Хитойда эълон қилинган маълумотга кўра, дунёда янги турдаги COVID-19 касаллигини юқтирганлар сони 80 мингдан ошган. Унинг оқибатида вафот этганлар қарийб 2 минг 800 киши, ўз навбатида, соғайганлар эса 30 мингдан зиёд кишини ташкил қилмоқда.

Бугунги кунда Хитой касалликка қарши кураш мақсадида фаол халқаро ҳамкорлик олиб бормоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва хитойлик 25  мутахассисдан иборат гуруҳ Хитойнинг бир неча минтақаларида тўққиз кунлик тадқиқот ишларини олиб боргани фикримизга мисол.

Гуруҳ раҳбари, ЖССТ Бош котиби маслаҳатчиси Брюс Эйлворд Женевада коронавирус эпидемиясига қарши курашда Хитой ҳукумати томонидан кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди. ХХР раҳбарияти томонидан қабул қилинган стратегик қарорлар аҳамияти ҳақида тўхталди. Брюс Эйлворднинг қайд этишича, “Хитойда коронавирус эпидемиясининг юқори даражада тарқалиши бироз сусайган”.

Хитой COVID-19 касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида миллий ресурсларини кенг жалб этишда давом этмоқда. Бунинг натижасида 13 февралдан бошлаб одамлар орасида касалликка чалиниш камайгани кузатилмоқда.

Эпидемия бошланганидан сўнг касалликка қарши курашда Хитой халқи бирдамликни намойиш қилди. Касаллик юқиш хавфи бўлишига қарамасдан, минглаб тиббиёт мутахассислари эпидемия ўчоғи – Ухань шаҳрига йўл олди. Кўмакка муҳтожларга бутун мамлакат ёрдам қўлини чўзмоқда.

Касаллик тарқалиши мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. “Лекин ҳозирги ҳолат вақтинчалик”, дея баҳоламоқда Хитой расмийлари.

ХХР Раиси Си Цзиньпин янги турдаги коронавирус келтириб чиқарган эпидемияга қарши кураш Хитой ҳукуматининг биринчи даражали вазифаси бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидлади.

“Синьхуа” ахборот агентлиги тарқатган хабарда Хитой раҳбарининг ушбу масала юзасидан қуйидаги фикрлари келтирилган: “Биз Хитой ва дунё давлатлари фуқаролари ҳаёти, саломатлигига юқори даражада масъулият билан ёндашяпмиз. Вирус тарқалишининг олдини олиш ва назорат қилиш мақсадида мажмуавий, изчил ва қатъий чоралар кўрилмоқда”.

Шу кунларда Хитойнинг қатор завод ва корхоналарида ишлаб чиқариш қайта йўлга қўйилмоқда. ХХР расмийлари эса жорий йил иккинчи ярмида Хитой иқтисодиёти олдинги ҳолатига қайтишига ишонч билдирмоқда.

Шу кунга қадар 160 дан зиёд давлатнинг етакчилари, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев, шунингдек, халқаро ташкилотлар раҳбарлари янги турдаги коронавирус сабабли келиб чиққан эпидемиянинг фожиали оқибатлари сабабидан ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Хитой халқига ҳамдардлик билдирди. Умумий хатарга қарши самарали курашиш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини маълум қилди. Кўплаб мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам Хитойга инсонпарварлик ёрдамини жўнатди.

Хитойда мазкур эпидемияга қарши курашиш борасида салмоқли натижаларга эришилаётган бўлса-да, қувонишга эрта. Чунки COVID-19 касаллиги ҳамон дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда. Афсус билан айтиш керакки, ушбу касаллик кириб борган мамлакатлар сони 40 дан ошиб кетди.

Шу боисдан ҳам ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус жаҳоннинг турли минтақаларида хавфли касаллик тарқалиб бораётганини инобатга олиб, “Дунё ҳамжамияти коронавирус пандемиясига тайёр туриш учун барча ишларни амалга оширмоғи лозим”, дея баёнот берди.

“Пандемия” атамаси янги касалликнинг глобал миқёсда тарқалишини англатади.

Шуҳрат Умиров,

“Дунё АА мухбири,

Пекин

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net