Хитойда COVID-19 тарқалишининг юқори палласи ортда қолди

13.03.2020 12:56

ПЕК?Н, 13 март. /“Дунё” АА/. Хитойда янги турдаги COVID-19 коронавируси тарқалишининг юқори палласи ортда қолди. Бу ҳақда ХХР Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат қўмитаси вакили  Ми Фэн Пекинда ўтказилган матбуот анжумани чоғида маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унинг қайд этишича, Хитой ҳудудида ушбу касалликка чалиниш ҳолатининг пасайиши давом этмоқда, мамлакатдаги умумий эпидемиологик ҳолат қуйи даражага тушган.

Ми Фэннинг билдиришича, эпидемия тарқалиши ўчоғи ҳисобланган Хубэй провинциясининг маъмурий маркази – Ухань шаҳрида ҳам коронавирусни юқтириш билан боғлиқ вазият сезиларли камайгани кузатилмоқда. Масалан, чоршанба куни Ухань шаҳрида саккиз киши касалликка чалингани қайд этилган. 12 март куни мазкур провинция шифохоналаридан 1 минг 255 нафар, мамлакат бўйлаб эса 1 минг 318 нафар бемор шифо топиб, уйларига қайтган. Шу тариқа соғайиб кетганлар умумий сони мамлакат миқёсида 51 минг 553 кишини ташкил этмоқда.
Матбуот анжуманида 11 март куни Хубэй провинцияси ҳудудидан ташқарида етти нафар Хитой фуқароси янги турдаги COVID-19 коронавирусига чалингани ва уларнинг олти нафари касалликни чет элдан юқтириб келгани маълум қилинди.

Хитой Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат қўмитаси вакилининг баёнот беришича, ҳозирги пайтда мамлакатда асосий эътибор эпидемия профилактикаси ва уни назорат қилиш билан боғлиқ ишларга қаратилмоқда.

“Синьхуа” ахборот агентлиги тарқатган хабарда қайд этилишича, мамлакатнинг 24 минтақасида эпидемия тарқалиши хавфининг даражаси кескин пасайган. Хитойнинг айрим минтақаларида коронавирус эпидемияси хавфи ортга чекингани боис мактабларда ўқиш жараёни қайта тикланмоқда. 

Масалан, 9 март куни Цинхай провинциясидаги қатор таълим муассасалари ўқувчиларга ўз эшикларини қайта очди. 16 март куни Гуйчжоу ва Синцзянь-уйғур мухтор туманида мактабларнинг ўрта ва юқори синф ўқувчилари учун таълим бериш жараёнлари бошланади. Март ойининг охирига қадар бошқа кўпгина минтақаларда ҳам мактаблар очилиши ҳақидаги хабарлар маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали маълум қилинмоқда.

Бироқ бу мамлакатнинг барча маъмурий ҳудудларидаги таълим даргоҳларига хос хушхабар эмас. Янги турдаги COVID-19 коронавируси тарқалиши хавфи даражаси юқори бўлган марказий бўйсинув мақомидаги Пекин ва Шанхай шаҳарлари мактабларида ўқув машғулотларининг бошланиши номаълумлигича қолмоқда. Ҳозирги кунда мазкур шаҳарларда жойлашган мактабларнинг ўқувчилари масофадан туриб таълим олмоқда.

Бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида ушбу юқумли вируснинг дунё миқёсида шитоб билан кенг тарқалиб бораётгани Хитойда ҳам унинг олдини олиш ва назорат қилишга салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Маълумот ўрнида, жорий йил 11 март куни Женевада бўлиб ўтган брифинг чоғида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус янги турдаги COVID-19 коронавирусининг дунё бўйлаб тарқалишини расман пандемия, деб эълон қилди.

Шуҳрат Умиров,

“Дунё АА мухбири

Пекин

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net