“Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони тантанали топширилди

30.07.2021 14:00

ТОШКЕНТ, 30 июль. /«Дунё» АА/. 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан куни кеча Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини мукофотланганларга тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда Қўмита мутасадди ходимлари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари раислари, жамоатчилик фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.  

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининиг 2021 йил 1 июндаги тегишли қарорига асосан кўкрак нишони билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари,  чет элдаги ватандошлар тақдирланиши кўзда тутилган.

Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов юксак  мукофотга сазовор бўлганларни самимий муборакбод этиб, бугун юртимизда 130 тадан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Қолаверса, республикамизда таълим 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилади. Бугунги кунда 12 тилда телекўрсатув, 13 тилда радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда.

Президентимиз таклифи билан бу йил мамлакатимизда биринчи марта ўтказилаётган Халқлар дўстлиги куни диёримизда миллатлараро тотувликни таъминлаш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга замин яратади. Дунёдаги кўзга кўринган атоқли олимлар ва давлат арбоблари кўпмиллатли ва кўпмаданиятли жамиятларни оқилона бошқариш соҳасида Ўзбекистон тўплаган ўзига хос тажриба дунёдаги қатор давлатлар учун ибрат бўла олишини яққол таъкидламоқда.

Ҳақиқатан ҳам, кўпмиллатлилик ва кўпмаданиятлилик миллий бойлигимиз экани тадбирда алоҳида эътироф этилди. 

Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги таҳликали даврда мамлакатлар ва халқлар ўртасида дўстлик ғояларини тараннум этиш, ривожлантириш нақадар муҳим масала эканлигини қайд этди. 

Байрам тадбирида юртимизда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашда қўшган ҳиссаси учун медиа тузилмаларнинг  вакиллари, дўстлик жамиятлари фаоллари ва ҳамкор ташкилотлар ходимларидан бир гуруҳига мукофотлар топширилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net