Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Тошкентга келди

12.02.2020 14:01

ТОШКЕНТ, 12 февраль. /«Дунё» АА/. Шу кунларда пойтахтимиз оғир атлетика бўйича олтинчи Халқаро бирдамлик мусобақасига мезбонлик қилмоқда. Мусобақанинг ташкил этилиши ва баҳсларни кузатиб бориш учун Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Урсула Папандреа Тошкентга келди, деб хабар бермоқда «Дунё» мухбири.  

Ушбу турнир Токио Олимпиадаси йўлида қимматли рейтинг очколарини тақдим этгани учун ҳам халқаро ташкилот раҳбариятининг диққат-эътиборида бўлиб турибди. 

Урсула Папандреа, шунингдек, ташкилот Бош котиби Муҳаммад Жалуд, вице-президентлари Хосе Куинонос ва Нику Влад Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Делегация Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов билан спортнинг ушбу турини ёшлар орасида янада оммалаштириш масалаларини муҳокама қилди. Ўз навбатида халқаро ташкилотининг амалдаги раҳбари Тошкентда ўтказилаётган халқаро мусобақа ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

—Аввало, бизни мана шундай илиқ қабул қилгани учун ўзбек халқига ташаккур билдирамиз. Ўзбекистонда соғлом авлодни тарбиялаш борасида олиб борилаётган бундай ғояларни мен ҳам қўллаб-қувватлайман. Бу ёшларнинг ҳар томонлама жисмонан етук бўлиб вояга етишишида катта аҳамият касб этади. Оғир атлетика Ўзбекистонда энг ривожланган спорт турларидан эканига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Ўтказилаётган мусобақа ҳам жуда юқори савияда ташкил этилганини алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Ўзбекистон илгари сураётган ташаббуслар ҳақиқатда ажойиб. Ўйлайманки, Халқаро Олимпия қўмитаси ҳам бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлайди, – деди Урсула Папандреа.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net