Халқ дипломатияси шаклланишида жамоатчилик ташкилотларининг ўрни салмоқли бўлмоқда

13.07.2020 12:06

ТОШКЕНТ, 13 июль. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ўз фаолиятида ШҲТга аъзо давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун халқ дипломатияси механизмларидан фойдаланиб келмоқда. Марказ қисқа вақт ичида кўплаб маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан йўлга қўйилган муносабатларни изчил ривожлантирмоқда. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида​»ги фармонида ҳам Халқ дипломатияси институтини ривожлантириш вазифаси белгиланди.

Сўнгги йилларда расмий дипломатиянинг ажралмас қисми ва унинг муҳим жиҳатига айланиб бораётган халқ дипломатияси Ўзбекистонда тобора фаоллашмоқда.

Жумладан, марказ фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, унинг нуфузли халқаро рейтингларда эгаллаган ўрнини яхшилаш ҳамда хориждаги ватандошлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Халқ дипломатияси фаолияти — жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари, биродарлашган шаҳарлар даражасидаги алоқалар, ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар, халқаро нодавлат ташкилотлари билан муносабатлар ҳамда маданий, илмий, таълим дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ўз ичига олади. Кейинги пайтларда бу ҳамкорлик давлатнинг халқаро алоқаларини кенгайтиришда ноёб восита бўлиб хизмат қилаётир.

Бундай ҳамкорлик фақат давлат органлари томонидан эмас, балки инсонларнинг ўзлари, уларнинг фаол вакиллари томонидан ҳам амалга оширилмоқди. Халқ дипломатияси инсонлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликни сақлаб қолишга имкон беради. Унинг ёрдамида маданий-гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда турли лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.

Бунда инсонлар ўз ҳис-туйғуларини анча кенг ва чуқур ифода этиш имконига эга бўлади. Шундан бўлса керак, халқ дипломатиясини «юракдан-юракка интилувчи» дипломатия деб аташади.

Халқ дипломатиясида жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари жуда муҳим. Чунки халқ дипломатияси халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда энг яхши усул бўлиб, жамоат ташкилотлари ва оддий одамлар иштироки орқали ривожланади.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан муносабатларни ривожлантириш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолиши ва ташкилот доирасида фаолиятимиз самарасини янада оширишимиз зарурлигини таъкидлаган эди.

Мана икки йилдирки Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази бу вазифани муваффақиятли амалга ошириб, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва тенглик асосида фаолият юритиб келмоқда.

Ўтган давр мобайнида марказ томонидан хорижий давлатлар жамоат, ёшлар, айниқса, хотин-қизлар ташкилотлари билан маданият, таълим, фан ва техника соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилди.

Жумладан, Хитойнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси билан маданий-гуманитар соҳадаги икки томонлама самарали ҳамкорлиги коронавирус пандемиясининг ҳозирги мураккаб шароитида ҳам фаол давом этиб келмоқда.

Қўмита томонидан марказга юборилган инсонпарварлик ёрдами,  ҳамкорликда ўзбек тилида нашрга тайёрланган - «Саккиз элнинг саксон саккиз эртаги», «Саккиз элнинг сон-саноқсиз ўгити» китоблари ва «ШҲТ мамлакатларининг почта маркалари» эсдалик альбомининг чиқарилиши ушбу ҳамкорликнинг ёрқин далили ҳисобланади.  

Шунингдек, марказ томонидан фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида Санкт-Петербургда «Халқ хотираси муқаддас» деб номланган архив фотосуратлар кўргазмаси ўтказилди. Унда «Ўзархив» агентлиги томонидан тақдим этилган ?ккинчи жаҳон уруши пайтида Ленинград остонасида жанг қилган ва ҳалок бўлган юртдошларимиз ҳамда мамлакатимизга эвакуация қилинган шаҳар аҳолиси архив суратлари намойиш этилди. Бундан ташқари, кўргазма доирасида «Сен етим эмассан», «Ленинградликлар фарзандларим» ва «41 йил олмалари» бадиий фильмларининг намойиши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Мазкур кўргазмани ташкил этиш жараёнида ўтказилган мулоқотларда Санкт-Петербургнинг ёши катта аҳолиси ҳали ҳам уруш ва эвакуация йилларини, Ўзбекистонни умумий ғалабага қўшган ҳиссасини яхши эслашининг гувоҳи бўлдик. Аммо ёш авлод ўша машъум йиллардаги воқеалар ҳақида жуда кам маълумотга эга экани ойдинлашди. Шу муносабат билан ташкил этилган кўргазма ёш авлодга умумий тарихни яна бир бор ёдга солиб, ўзаро ҳурмат ва дўстлик туйғусини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди.

Шунингдек, марказ томонидан юртимиз ёшлари, хусусан, олий ўқув юртлари талабалари орасида «Халқ дипломатияси – сайёрада тинчлик сари йўл» мавзусида иншолар онлайн кўрик танловини ўтказилди. 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган мазкур танлов ёшлар ўртасида дипломатияга қизиқиш юқори эканини намойиш этди.

Мухтасар айтганда, юртимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини оширишда ўта муҳим тузилма бўлган Жамоатчилик палатаси халқ дипломатияси институтини ривожлантиришда асосий воситалардан бири бўлиб хизмат қилади.

 

 

Қобилжон Собиров,

Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси

 маркази раҳбари

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net