Венгриялик турколог профессорга «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» кўкрак нишони топширилди

22.10.2021 11:24

ВЕНА, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Австриядаги элчихонаси томонидан Будапештдаги (Венгрия) Этвош Лоранд университетида ўзбек тили ва адабиёти мавзусида анжуман ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда университет туркология кафедраси мудири, профессор Бенедик Перига давлатимиз раҳбарининг фармони билан таъсис этилган «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

Б.Пери сўнгги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг тарихий мероси ва мумтоз ўзбек адабиёти тарғиботини ривожлантиришга қаратилган ишларни амалга ошириш фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Хусусан, венгриялик олим Европа кенг жамоатчилиги эътиборини ўзбек адабиёти меросига жалб этиш мақсадида Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарини асл нусхадан инглиз тилига таржима қилиш бўйича ўзбекистонлик мутахассислар билан биргаликда олиб борган ишлари ҳақида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, мазкур асар таржимаси шу йилнинг охирида тақдим этилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Бобур номли халқаро фонд билан ҳамкорликда қатор йиллардан бери “Бобурнома”нинг асл нусхасидан венгер тилига таржима қилиш бўйича изланишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Б.Пери Ўзбекистон маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда Венгрия Фанлар академияси кутубхонасида Ўзбекистоннинг тарихий қўлёзмаларини ўрганаётганини айтиб ўтди ва ушбу мавзу бўйича график тасвирлар билан бойитилган китоб тайёр бўлмоқда.

- Ўзбек ва венгер олимларининг ҳамкорлиги юз эллик йиллик тарихга бориб тақалади, - дейди Б.Пери. - Этвош Лоранд университети туркология кафедрасининг биринчи мудири Армин Вамбери Марказий Осиёдаги туркий тилли халқлар маданиятини, жумладан, ўзбек тилини яхши ўрганиш учун 1863 йилда Хива, Бухоро ва Самарқандга сафар қилган. Венгрияга қайтишида унга қўнғиротлик Мулла ?сҳоқ исмли олим ҳамроҳлик қилган. Ундан кўплаб венгерлар ўзбек тилини ўрганган.

Камина ушбу мукофотни мендан аввал туркология соҳасида Ўзбекистон халқларининг маданияти ва тилини кашф қилиш учун кўп меҳнати синган аждодларим, венгер олимларига бағишлайман. Ўзбекистоннинг маданий меросини дунёга танитиш учун янада кўпроқ ишлашда давом этаман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net