Ватанимиз тараққиёти ва Ўзбекистон билан дўстликнинг бардавом бўлишига ўз ҳиссамизни қўшамиз - афғонистонлик ёшлар

14.03.2020 10:02

ТЕРМ?З, 14 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича амалий ташаббусларни изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мамлакатимиз Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг энг тўғри йўли – бу сиёсий музокаралар олиб боришдир, деган қатъий тутумда. Давлатимиз раҳбарининг қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва дўстлик алоқаларини ривожлантириш борасидаги сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.

Афғонистондаги тинчлик Марказий Осиёнинг барқарор ва изчил ривожланиш истиқболларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун имкон яратади. Ўзбекистон Афғонистоннинг минтақанинг иқтисодий, ижтимоий жараёнларига қўшилиши учун ҳар томонлама кўмаклашиб келмоқда. ?қтисодиётни тиклаш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, миллий кадрларни тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этмоқда.

Сўнгги уч йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ўзаро маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш янги босқичга кўтарилди. Жумладан, икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан афғон ёшларини ўқитиш учун Ўзбекистонда махсус таълим марказини ташкил этиш ғояси илгари сурилди.

Қисқа вақтда  афғонистонлик ёшлар учун ўзбек тилини ўқитиш, темир йўл ҳамда бошқа соҳаларда мутахассислар тайёрлаш мақсадида Сурхондарё вилоятида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилди. Бугунги кунда марказда Афғонистон ёшларига ўзбек тили ва адабиёти йўналишида таълим берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Aфғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида таҳсил олаётган талабалар Ўзбекистонда яратилган имкониятдан мамнун. Улар марказда олган билимлари Афғонистон келажаги, тараққиёти ва тинчлигини таъминлашда асқатишига ишонч билдирмоқда. Бу йигит-қизларнинг мақсади – тараққий этган, замонавий Афғонистонни қуришда муносиб иштирок этиш.

Билимга чанқоқ қўшни давлат ёшларига етук мутахассислар дарс бермоқда. Талабалар уларга яратилган имкониятлар, келажакдаги орзу-мақсадлари ҳақида “Дунё” АА мухбирига интервью берди.

Муҳаммад ҚОС?М:

– Ўзбекистон ва Aфғонистон давлатлари раҳбарлари ташаббуси билан 2017 йилда таълим соҳасида алоқалар йўлга қўйилди. Бу кўп соҳалардаги ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи бўлди.

Мен Aфғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказига келиш учун аввало Афғонистонда ўтказилган танловларда қатнашдим. Марказда олаётган билим ва кўникмаларимиз танлаган мутахассислигимиз бўйича етук кадр бўлиб етишишимизга замин яратмоқда. Бу ерда олган билимларимни Aфғонистон тараққиёти йўлида қўллаш, ўз она тилимни ривожлантириш  ниятидаман.

Ўзбекистонда келган илк кунимданоқ, бу ердаги тинчлик ва осойишталикка ҳавас қилдим. Аҳоли ниҳоятда самимий, мамлакатда эса фаровонлик ҳукм сурмоқда. Биз, Афғонистон фарзанди бўлсак-да, асли ўзбекмиз. Демакки тилимиз, дилимиз бир. Ўйламайманки, тинчликка интилишдаги, эзгу ниятлар рўёбидаги йўлимиз ҳам бир бўлади. Афғонистонда тинчликни таъминлаш борасида бошланган саъй-ҳаракатлар эса ўз самараларини бераётганидан хурсандмиз. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқига бизга берилган ишонч ва имконият учун миннатдорлик билдираман.

Шабир AҲМАД:

– Юртингизда таълим олиш имконияти берилганидан хурсандман. Афғонистонда илмга чанқоқ ёшлар кўп. Аксарият ёшлар билим олиш илинжида хорижга боришга интилади ва ўша ерда қолишга ҳаракат қилади. Аммо мен ўқишни муваффақиятли тамомлаб, юртимга қайтиш истагидаман. Мен учун таълим олиш шароити яратилганидек, Афғонистон ёшлари ҳам шундай имкониятдан баҳраманд бўлишлари лозим – болаларга таълим бермоқчиман.

Афғонистонда ҳам ўзбек тилига катта эътибор қаратилади. Бизда бу тил асосий тиллардан бири ҳисобланади. Марказда ўзбек тили ва адабиёти йўналишида таҳсил оляпман. Ўз диёримда она тилини сақлаб қолиш ва уни тарғиб қилишни мақсад қилганман.

Марказда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси таълим тизимида қабул қилинган меъёрлар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурларга мувофиқ олиб борилмоқда. Бу учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирамиз.

Ўқиш билан бирга, тарихий шаҳарларга ҳам саёҳат қиляпмиз. Асрий обидалар улуғворлиги мени ҳайратга солишда давом этяпти. Қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива, замонавийлик ва тарихийлик уйғунлашган Тошкент мени ўзига мафтун этди. Ушбу шаҳарларда бўлган онларим бир умр ёдимдан чиқмайди.

Заинуллоҳ НАБ?ЗОДАҲ:

– Марказда билим олиб, замонавий ёндашув асосида ташкил этилаётган машғулотларда қатнашарканман, таҳсил учун Ўзбекистонни танлаганимга шукрона айтаман. Тинч, осуда ва фаровон Ўзбекистонда ўқиётганим менинг бахтим. Ота-онам, ака-укаларим билимли, бир ишнинг этагини тутган инсон бўлишимни истайди. Мен ҳам шу орзулар оғушида яшаяпман. Албатта, инсон бахти учун зарур барча неъматларга, аввало, тинчлик орқали эришилади. Зеро, тинчлик бор жойда эзгу орзулар ушалади. Уларнинг рўёбига интилади.

Танлаган соҳамнинг етук мутахассиси бўлиб юртим тараққиётига ҳиссамни қўшсам, дейман. Бу борада марказимизда малакали мутахассислар ва ўқитувчилардан сабоқ оляпман. Дарслардан сўнг қўшимча тўгараклар ҳам ташкил этилгани катта қулайликларни яратмоқда. Шунингдек, марказда касб-ҳунар ҳам ўргатилади.

Менга халқингизнинг меҳмондўстлиги ёқади. Ўзбекистонлик тенгдошларимнинг эркин фикрлаши, шижоати ва таълим олишга бўлган иштиёқини кўриб, уларга ҳавас қиламан.

Таҳсилни тугатгач, Aфғонистон – она Ватаним тинчлиги учун бор куч, билим ва салоҳиятимни сафарбар этаман. Мамлакатларимиз дўстлиги бардавом бўлишига ўз ҳиссамни қўшаман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net