Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳузурида тузилган сайлов участка комиссиясида Президент сайловига тайёргарлик масалалари муҳокам

13.10.2021 14:06

АНҚАРА, 13 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонасида жорий йил 24 октябрь куни юртимизда ўтказиладиган Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.

Марказий сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳузурида 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилган 43-сайлов участкаси ташкил этилган.

Кеча ушбу сайлов участкаси комиссияси аъзоларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни комиссия раиси, элчи Алишер Аъзамхўжаев олиб борди.

Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ахборотлари, шунингдек, Туркиянинг йирик шаҳарларида Ўзбекистон фуқароларининг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш масалалари жой олди.

Мажлисда Туркиядаги ватандошларнинг бўлажак Президент сайловида овоз бериши учун Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ҳузурида 43-сайлов участкаси ташкил этилиб, сайлов жараёнини миллий  қонунчилик асосида умумэътироф этилган халқаро меъёрларга ва демократик тамойилларга таянган ҳолда, очиқ ва ошкора ўтказилиши таъминланишига алоҳида эътибор қаратилди.

Сайлов участкаси ҳамда муддатидан олдин овоз бериш нуқталари сайловчиларни қабул қилиш учун сайловга оид қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқий ахборотномалар, Президентликка номзодлар тўғрисидаги маълумотлар ва уларнинг сайловолди дастурлари, стационар сайлов қутиси, сайлов кабинаси, шунингдек, бугунги кундаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда сайлов участкасини шахсий ҳимоя ва дезинфекция воситалари ҳамда бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган. Сўзга чиққанлар томонидан сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тузилганлиги ҳам қайд этилди.

Шунингдек, элчихонанинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ҳамда дипломатик ваколатхона томонидан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни билан боғлиқ маълумотлар кенг тарқатилаётганлиги маълум қилинди.

Йиғилиш давомида сайлов участкаларида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилар экан, Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланиши ва сайловга уч кун қолганида тугалланишига эътибор қаратилди.

Шу муносабат билан, мажлисда Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг
14 октябрдан 20 октябрь куни якунига қадар ўтказилиши алоҳида қайд этилар экан, элчихона томонидан Туркиянинг Анталия, Карабук ва Конья шаҳарларида ҳам сайловчиларнинг муддатдан олдин овоз бериш нуқталари ташкил этилганлиги маълум қилинди.

Жумладан,

14-20 октябрь кунлари - Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси биносида (манзил - Sancak Mah., 549 Sokak, № 3, Yıldız - Çankaya, Ankara; телефон рақамлари - +90 312 441 3871, +90 312 441 1746);

14 октябрь – Ўзбекистоннинг Анталия шаҳридаги Фахрий консуллиги биносида (манзил - Çağlayan Mah. 2010 sok. No: 3/B Muratpaşa, Antalya; телефон рақамлари - +90 242 323 0607, +90 549 696 2502);

16 октябрь – Карабук шаҳри ?жтимоий тадбирлар марказида (манзил - Üniversite Mahallesi Sosyal Yaşam Merkezi, Yunuslar Sitesi No:3, Karabük; телефон рақамлари - +90 553 863 9036, +90 537 880 8759.);

16 октябрь – Конья шаҳридаги Вилоят халқ кутубхонасида (манзил - Ferhuniye, Alaaddin Blv. No:19, Selçuklu/Konya; телефон рақамлари - +90 537 561 8920, +90 312 441 3871) Президент сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни ўтказилиши белгиланди.

Шу билан бирга, 43-сайлов участка сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ, комиссия аъзолари ҳамда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси вакилларидан иборат гуруҳлар ташкил этилиб, мазкур гуруҳларга муддатидан олдин овоз бериш жойлари тақсимланди.

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси Туркияда вақтинча ва доимий равишда яшаб келаётган ватандошларимизни
24 октябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнда фаол қатнашиш асносида ўз конституциявий ҳуқуқини амалга оширишига чақиради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net