Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва ташаббуслари ҳаётга изчил тадбиқ этилмоқда

09.11.2021 16:56

ТОШКЕНТ, 10 ноябрь. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёев ?станбул шаҳрида ўтказиладиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (ТТДҲК, Tуркий кенгаш) навбатдаги саммитида иштирок этиш учун 11-12 ноябрь кунлари Туркияда ташриф билан бўлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизматининг маълумотига кўра, олий даражадаги учрашув кун тартибидан Кенгаш доирасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо, инвестициялар, «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Саммит якунида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва устувор йўналишларда кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон 2019 йил 14 сентябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди ва ўша йил октябрь ойида тузилмага расман қўшилди.

Мамлакатимиз ташкилот ва унинг тузилмалари (Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси - ТуркПА, Халқаро туркий маданият ташкилоти - ТУРКСОЙ, Халқаро туркий академия,  Туркий маданият ва мерос жамғармаси) фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ТТДҲКнинг 2019 йил 15 октябрь куни Боку (Озарбайжон) шаҳрида ташкил этилган 7-саммитида, шунингдек, онлайн шаклда давлат раҳбарлари кенгашининг 2020 йил 19 апрель куни бўлиб ўтган «COVID-19 пандемиясига қарши курашда ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик» мавзусидаги навбатдан ташқари йиғилишида ҳамда 2021 йил 31 март куни уюштирилган норасмий саммитида иштирок этди.

Мамлакатимиз ташкилотга аъзо бўлганидан буён ўтган қисқа даврда Ўзбекистон таклиф қилган қатор конструктив таклифлар ҳаётга изчил тадбиқ этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу тадбирларда иштирок этиш доирасида ?қтисодий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш, Туркий кенгаш Тараққиёт банкини ташкил этиш, ?нвестиция жамғармасини шакллантириш жараёнини жадаллаштириш, ташкилотга аъзо давлатларнинг муқаддас қадамжолари бўйича «Табаррук зиёратгоҳ» лойиҳасини амалга ошириш, Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш ташаббусларини илгари сурди.

23-24 июнь кунлари Қўқон шаҳрида ташкилотга аъзо давлатлар туризм вазирларининг 6-йиғилиши ўтказилгани, унинг якунида Қўқон шаҳри 2022 йилда «Туркий дунёнинг туризм пойтахти» деб эълон қилингани ҳам аввалроқ таклиф қилинган ташаббусларнинг амалий натижаси бўлди.

Шунингдек, 15-16 сентябрь кунлари Хивада Халқаро туркий маданият ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг 38-мажлиси ва «Хива 2020-2021 йилларда Туркий дунёнинг маданият пойтахти» дастурини амалга ошириш доирасидаги маданий тадбирлар ўтказилди.

Яна бир муҳим ташаббусни амалга ошириш доирасида 19-21 сентябрь кунлари Тошкентда Туркий кенгашга аъзо давлатлар ёш тадбиркорларининг биринчи форуми ҳамда ёшлар ишлари бўйича ва спорт вазирларининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди.

Транспорт ва логистика масалаларини тезкор ҳал қилиш учун Туркий кенгашга аъзо давлатларнинг транспорт вазирлари ишчи гуруҳи ташкил этилди ва ушбу гуруҳнинг биринчи онлайн-мулоқоти 2020 йил 30 апрель куни уюштирилди.

Ўзбекистон ташаббуси билан Туркий кенгаш котибиятида пандемияга қарши кураш бўйича махсус мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилди, унинг биринчи йиғилиши 2020 йил 8 июнь куни ўтказилди.

Бундан ташқари, ТТДҲК иштирокчи-давлатлари тиббиёт муассасалари вакилларидан иборат эпидемиологик вазиятни биргаликда кузатиш, таҳлил қилиш ва прогнозлаш бўйича доимий Мувофиқлаштирувчи қўмитани ташкил этиш ташаббуси ташкилотда кенг қўллаб-қувватланди.

2020 йил 28 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг онлайн-мулоқоти бўлиб ўтди. Учрашувда ушбу соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон таклифи билан Туркий кенгаш ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўртасида шериклик алоқалари ўрнатилди ва ривожлантирилмоқда. 2020 йил 11 сентябрь куни икки ташкилот ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Мамлакатимиз Туркий кенгаш доирасида савдо-иқтисодий, транспорт ва коммуникация, туризм, маданий-гуманитар ва илмий-тадқиқот йўналишларида, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор.

Ўзбекистоннинг ТТДҲК фаолиятидаги иштироки савдо ва инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яхшилаш, товарлар, капитал, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини рағбатлантириш бўйича божхона ва транзит тартибларини, молия-банк операцияларини янада соддалаштириш истиқболларини очиб бермоқда. Ташкилот платформаси транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, пандемия шароитида ўзаро юк етказиб беришга кўмаклашиш учун муҳим кўп томонлама восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net