Ўзбекистоннинг маданий мероси - бутун инсоният меросидир

16.12.2020 11:14

ТОШКEНТ, 16 декабрь. / «Дунё» АА /. Аввал хабар берганимиздек, кеча Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги ва «Ўзбекистон маданий мероси - янги Ренессанс пойдевори» IV Халқаро конгресси ўз ишини бошлади.

Ҳафталикнинг муҳим тадбири бўлган конгрессда халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан 300 дан ортиқ таниқли олим ва тадқиқотчилар, 1000 га яқин маҳаллий эксперт ва мутахассислар оффлайн ва онлайн шаклларда қатнашмоқда.

Дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида ҳафталикка оид таассуротлари билан ўртоқлашди.

Саид Али Асад Ғилоний,  Покистон элчиси:

— Ўзбекистонга келганимга бор-йўғи икки ой бўлди. Бундай нуфузли халқаро тадбирда биринчи марта қатнашаяпман. Ўзбекистон ўзининг бой тарихи ва маданий меросига эга. Мамлакат ушбу қадриятларини бутун инсониятга тақдим этмоқда. Мен Ўзбекистоннинг маданий меросини сақлаш ва кенг оммалаштириш бўйича ташаббусини чин дилдан қўллаб-қувватлайман. Чунки бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун инсониятнинг, дунё цивилизациясининг тарихи ва маданиятидир.

Асрлар давомида Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва фаолият олиб борган буюк алламолар даҳоси дунёнинг барча бурчаклари, жумладан, Покистонга ҳам етиб борган. Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Хоразмий ва бошқа мутафаккирлар номларини бизнинг мамлакатда яхши билишади ва уларнинг бебаҳо меросига катта ҳурмат билан муносабатда бўлишади. Ўзбекистон заминидан тарқаган маънавий-интеллектуал нур Покистон халқи қалби ва онгини ҳам ёритиб келган.

Менда Ёшлар саройида ташкил этилган Ўзбекистон халқ амалий санъати кўргазмаси ҳам катта қизиқиш уйғотди. У замонлар оша тараққий этиб келаётган ўзбек ҳунармандчилиги мактаби ҳақида ажойиб тушунча ва тасаввурни тақдим этмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, тадбир ташкилотчиларини ана шундай улуғвор миллий санъат байрами билан қутлайман. Ўзбекистонга ушбу улкан ташаббусни ривожлантиришда муваффақиятлар тилайман.

Ян Бори, Словакия элчиси:

— Мазкур форум арафасида унинг мавзусини яқиндан ўргандим. Анжуман ўзбек замини ва бу ерда яшаётган халқлар меросини ўрганиш, Ўзбекистоннинг улкан илмий-маданий салоҳиятини халқаро кўламда кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бундай форумлар дунё тадқиқотчилари эътиборини ўзига тортади, илмий маълумотлар алмашинувини осонлаштиради, билим ва таълимни бойитишга хизмат қилади.

Форум туризм соҳасини ривожлантиришда ҳам катта аҳамиятга эга эканини таъкидлашни истардим. Туристлар мамлакат бўйлаб саёҳати давомида нафақат диққатга сазовор жойларни зиёрат қилиш, балки унинг бой илмий ва маданий мероси ҳақидаги билимини бойитиши мумкин.

Халқаро анжуман якунларидан умидлар катта. Хусусан, мен мамлакатнинг маданий-гуманитар соҳасидаги таклифлари, жумладан пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолдаги лойиҳалар тўғрисида кўпроқ билишни хоҳлайман.

Словакия ва Ўзбекистон кўплаб йўналишларда, жумладан, илм-фан ва таълим соҳаларида самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай имкониятларга эга. Масалан, томонлар динозаврлар изларини топиш бўйича биринчи тарихий Словакия-Ўзбекистон палеонтологик экспедициясини ташкил этишни режалаштирмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net