Ўзбекистонлик ҳарбийлар Германия Бундесвери академиясининг икки йиллик курсларида таҳсил олди

27.07.2020 14:41

БЕРЛ?Н, 27 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги офицерлари – майор Санжарбек Ҳотамов ва майор Шавкат Бойхонов Ҳарбий таълим соҳасида Ўзбекистон-Германия ҳамкорлик дастури доирасида 2018 йил ноябридан 2020 йилнинг июлига қадар Германияда ташкил этилган ўқув-амалий машғулотлар курсида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўқув курси Хюрт шаҳрида жойлашган Германия Федерал муассасаси қошида немис тили бўйича билимларни янада такомиллаштириш билан бошланди. Бу жараёнда немис халқининг маданияти, анъаналари ва ҳаёт тарзига ҳамда Германия тарихи, ҳозирги сиёсий ва ижтимоий тузилиши, қонунчилиги, иқтисодий ва илмий-техникавий салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Шу йўналишдаги тегишли давлат идораларига ҳамда ташкилот, муассаса ва корхоналарга ташриф уюштирилиб, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Жумладан, Федерал Мудофаа вазирлигига бўлган ташриф чоғида Германиянинг ҳарбий соҳадаги имкониятлари, тузилиши ва бошқарув тизими билан яқиндан танишилди.

Ўқувнинг навбатдаги босқичи Гамбург шаҳридаги Германия Бундесвери Раҳбар кадрлар академиясида давом эттирилди. 1957 йилда ташкил этилган мазкур академия Германия Қуролли Кучларининг асосий ўқув муассасаси сифатида бой тажрибаси ва салоҳияти билан дунёда етакчи ўринда туради. Академия нафақат Германия, балки Европа ?ттифоқи ва НАТОга аъзо давлатлар ҳамда ҳамкор мамлакатларнинг истиқболли раҳбар ҳарбий кадрларини ҳам ўқитиш ва малакасини ошириш билан шуғулланади.

Мазкур курс Қуролли Кучлар, Ҳарбий флот раҳбар кадрларини тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган бўлиб, унда дунёнинг 47 давлатидан 63 ҳарбий офицер қатнашди.

Ҳамюртларимиз курс давомида қўйилган вазифаларни муваффақиятли амалга ошириб, «Тезкор тактик махсус қўшинлар ва жанговар бўлинмаларни бошқариш бўйича етук мутахассис» даражасини берувчи халқаро диплом билан тақдирланишди.

— Биз қатнашган курснинг муҳим жиҳатларидан бири иштирокчиларнинг нафақат ҳарбий, балки ҳарбий-сиёсий соҳадаги билим ва савияларини оширишга ҳам муҳим эътибор қаратилганидир, — деди  Майор Шавкат Бойхонов. — Кўплаб семинар ва тренингларда халқаро ҳарбий можароларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш, миллатлараро ҳарбий ҳамкорлик, БМТ Тинчликпарвар кучларида фаолият юритиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳуқуқ, геноцидга қарши кураш, қочоқлар, аёллар ва болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда шахсни психологик ўрганиш масалалари бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидлаш жоиз, Германияда ташкил этилган мазкур ўқув курсида Ўзбекистон вакилларининг иштироки мамлакатимиз офицер кадрларни дунёнинг ривожланган давлатлари нуфузли олий таълим муассасаларида ўқитиш ва малакасини ошириш орқали Қуролли Кучлар олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга хизмат қилади.

—Ўқиш жараёнида дивизия, бригада ва батальон бўлинмаларида турли лавозимларда фаолиятни ташкил этиш, тактик усулларнинг қўлланилиши бўйича назарий ва амалий машғулотларда иштирок этдик, — деди Майор Санжарбек Ҳотамов. — Шунингдек, дала шароитида кадрларнинг профессионал даражасини янада оширишга йўналтирилган барча қўшин турлари иштирокида замонавий усулда ташкил этилган амалий ўқув-машқларда қатнашдик. Бундесвернинг танк дивизиясида амалиёт ўтадик, Германия ва унга қўшни мамлакатлар иштирокида тузилган кўп миллатли бўлинма фаолияти билан яқиндан танишдик.

Умуман олганда, ҳозирги кунда дунёда замонавий тарзда ташкил қилинган қуролли кучлардан бири ҳисобланган Бундесвернинг бугунги кундаги имкониятлари ва салоҳияти юзасидан атрофлича тасаввурга эга бўлдик. Бундан ташқари, турли давлатлардан келган ҳарбийлар билан тажриба алмашиш ҳам ўқув жараёнининг муҳим аҳамиятга эга бўлган нуқталаридан бири ҳисобланади.

Курс давомида орттирган назарий, амалий билим ва тажрибаларимизни келгуси фаолиятимизда қўллаш ва ўз ҳамкасбларимиз билан ўртоқлашган ҳолда, Ўзбекистон Қуролли Кучларини янада тараққий эттиришга сафарбар этамиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net