Ўзбекистондаги тарихий ёдгорликларнинг қиёфаси 3D форматда гавдалантирилади

14.06.2021 17:17

ТОШКЕНТ, 14 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон кинематография агентлиги маълумотига кўра, "Янги Ўзбекистон - янги нигоҳ" дастури доирасида мамлакатнинг тарихий обидалари ва меъморий иншоотларини 3D форматда рақамлаштириш бўйича лойиҳа ўз фаолиятини бошламоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Лойиҳа Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон кинематография агентлиги ва Американинг Global Digital Heritage компанияси томонидан амалга оширилмоқда.

Ноёб технология тарихий обидаларнинг рақамли реконструкциясини амалга ошириш ва VR форматида намойиш этиш имкониятини беради.

Шу билан бирга, лойиҳа таълим соҳасига ҳам йўналтирилган бўлиб, барча хоҳловчилар махсус манба орқали Ўзбекистон ёдгорликлари билан онлайн шаклда танишиш имкониятига эга бўлади.

Global Digital Heritage вакиллари ўзбекистонлик мутахассислар билан замонавий технологиялар, дронлар ва камералар билан ишлаш ва объектларни видеотасвирга олиш бўйича ўзаро тажриба алмашади.

Пилот лойиҳа Самарқандда амалга оширилади, рақамлаштириш учун дастлабки объектлар сифатида Амир Темур мақбараси, Биби-хоним мадрасаси, қадимий Афросиёб манзилгоҳи, Улуғбек расадхонаси, Регистон майдони ва Жума мачити танланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net