ЎЗБЕК?СТОНДА СУД-ҲУҚУҚ ?СЛОҲОТЛАР?: 2020 Й?ЛДАГ? 10 МУҲ?М ҚАДАМ

06.04.2021 11:15

Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик дастури – Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш иккинчи устувор йўналиш сифатида белгилангани бежизга эмас. Зеро, давлат ва жамиятни тубдан модернзация қилишда, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши самарали курашиш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистонда барча соҳалар қатори бу йўналишда ҳам ўтган 2020 йилда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Йил якунларини таҳлил қилиш натижаларидан келиб чиқиб, қуйидаги 10 та жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

Биринчидан, мамлакатда юридик фан ва таълимни такомиллаштириш, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Тошкент давлат юридик университетига масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш шаклларини ташкил этиш ҳуқуқи берилди. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университети бакалавриати ва магистратурасига масофавий таълим шаклида ўқишга қабул қилишни ташкил этиш бўйича тегишли ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзланган. Шунингдек, аҳолининг малакали юридик хизматга бўлган эҳтиёжини қондириш тизимини такомиллаштириш мақсадида нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига рухсат берилди.[1] Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд экспертизасини ўтказишда давлат суд-экспертиза муассасалари каби функцияларни амалга оширади, улар каби ҳуқуққа эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгар ҳисобланади. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти республиканинг барча ҳудудларидан, шунингдек, хорижий мамлакатлардан олинган буюртмалар асосида суд экспертизасини амалга ошириш ҳуқуқига эга.

?ккинчидан, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича яна бир ўта муҳим қадам ташланиб, фуқаролиги йўқ шахсларга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериш ва ушбу шахслар ҳам сиёсий ҳуқуқлардан тўлиқ фойдаланишлари ҳамда сайлов жараёнларида ҳам давлат фуқароси сифатида иштирок этишларини таъминлаш нуқтаи назаридан янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Натижада, мамлакат ҳудудида доимий истиқомат қиладиган фуқаролиги бўлмаган 50 мингга яқин шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишига имконият яратилди.[2] Бу борадаги масалаларни кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмлари амал қилиши белгилаб берилди.[3]

Учинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтириш борасида жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қонун нормалари такомиллаштирилди.[4] Уларга кўра, эндиликда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шарт. Шунингдек, шахсни ушлаш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш процессуал ҳаракатлари ҳам эндиликда видеоёзув орқали қайд этилиши шарт бўлади. Бундан ташқари, шахсга нисбатан қўлланиладиган процессуал мажбурлов чораси ва шахс ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг яқинларига дарҳол хабар берилиши шартлиги белгиланди. (илгари 24 соатдан кечиктирмасдан хабар берилиши шарт бўлган).[5]

Тўртинчидан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш бўйича қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Уларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди. ?нвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг иқтисодий судларга тааллуқли экани белгиланди. Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Эндиликда прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин.[6] Бизнес омбудсманнинг суд жараёнида иштирок этиш ваколатлари кенгайтирилди. Бундан ташқари, Олий суд судьяси кассация шикояти бўйича иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли экани белгиланди. Шу каби ўзгаришлар маъмурий, жиноят ҳамда фуқаролик ишлари бўйича процессуал тартибга ҳам киритилди.

Бешинчидан, судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди.[7]

Ўзбекистонда 2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилганидан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Эндиликда ишни судга тайинлаш жараёнида 7 сутка ичида судья мазкур масалани ҳал этиши мумкин бўлади.[8]

Шунингдек, прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш белгиланди. Давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш киритилди.[9] Судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этилгани (қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари), “бир суд – бир инстанция” тамойилини жорий этиш ва шу билан боғлиқ суд тизимида бир қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш имконини берди.[10]

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарори устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқиларди. 2019 йилдаги кўрсаткичда эса, республика бўйича вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган.[11]

Янги жорий қилинаётган “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш йўлга қўйилмоқда.

Бу ўринда суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилмоқда. Бундай тартибнинг ўрнатилиши натижасида судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорларининг барқарорлиги таъминланади ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олди олинади.

Олтинчидан, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш белгиланди. Ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганида ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги кўрсатилди.[12] Шунингдек, айбига иқрорлик бўйича келишув институти жорий қилинди. Бунда, айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ҳамда унга нисбатан суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ёки муддатигача жазо тайинлаш амалиёти йўлга қўйилди.[13]

Еттинчидан, қонунчиликка киритилган тегишли ўзгаришлар натижасида судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш мақсадида 2021 йил 1 февралдан илк бор судьялик лавозимига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини онлайн ёритиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.[14]

Эндиликда судларда ишлар судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашувини ҳисобга олиб, муҳокама натижасидан манфаатдор шахсларнинг таъсир кўрсатиши истисно этиладиган тартибда, автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда тақсимланади. Шунингдек, ?қтисодий процессуал кодекс даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга ахборот тизими орқали электрон тарзда юборилиши мумкинлигига оид норма билан тўлдирилди.[15]

Саккизинчидан, коррупцияга қарши курашиш борасида тизимли ишлар давом эттирилиб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органи ташкил этилди. Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентликнинг асосий вазифаларидан бири коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳисобланади. Агентлик ҳар йили оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши лозим бўлган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани шакллантиради. Агентликнинг огоҳлантириш, тақдимнома ва мурожаатлари ўн кун ичида кўриб чиқилиши ва натижалари юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт. Қолаверса, коррупцияга оид жиноятлар оқибатида жамият ва давлат манфаатларига етказилган зарар тўлиқ қопланишига эришиш устидан назоратни амалга оширади.[16] Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузишни ташкиллаштиради. Агентлик давлат харидлари соҳасидаги коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида давлат буюртмачиси ISO 37001 коррупцияга қарши стандартини қўллашни кўзда тутувчи талабни ўрнатади.

Тўққизинчидан, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланганининг исботи ўлароқ, Давлат раҳбари томонидан йўлга қўйилган афв этиш тизими изчил давом эттирилиб, 2020 йил давомида бу борада Президентнинг 5 та тегишли фармони имзоланди. Натижада жами 616 нафар маҳкум афв этилди.[17] Шу жумладан, афв этилган шахсларнинг 274 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 237 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди, 76 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Афв этилганларнинг 87 нафарини аёллар, 29 нафарини чет эл фуқаролари, 290 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этди.

Ўнинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича кўп йиллар давомида мамлакат аҳолиси учун оғриқли бўлиб келган, фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига оид “прописка” тизими тубдан ислоҳ этилди.[18] Эндиликда фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилди. Шунингдек, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоида олиб ташланди. Оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши, шунингдек, илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, уларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича қайта рўйхатга олиш тартиби жорий қилинди. Бундан ташқари, тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқароларга ҳамда республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш ҳуқуқига чеклов бекор қилинди.

Шу ўринда, кенг жамоатчилик фикрларини инобатга олган ҳолда рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтиш юзасидан ишлар бошлаб юборилди. Пойтахтда кўчмас мулкка эга бўлиш учун бу ҳудудда доимий рўйхатда бўлиш талаби бекор бўлди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган шахслар 2019 йил 43 527 кишини ташкил қилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 79 632 кишини ташкил қилди.

Албатта, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари соҳасида олиб борилаётган юқоридаги каби туб ўзгариш ва янгиланишлар ўз ижобий самарасини бермоқда. Хусусан, ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, улар ўз оилалари бағрида қолдирилди.[19]

Ҳуқуқ устуворлиги индекси (The Rule of Law index) кўрсаткичларига кўра, Ўзбекистон 2019 йилда 128 давлат ичидан 94-ўринни эгаллаган бўлса, 2020 йилда 92-ўринга юқорилади.

“Тартиб ва хавфсизлик” кўрсаткичи бўйича эса, Ўзбекситон энг яхши натижани қайд этиб, Канада, БАА, Венгрия билан бир қаторда 9-ўринни эгаллади. [20]

Шунингдек, 2020 йилда эълон қилинган Transparency International халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2019 йил бўйича Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 25 балл билан 153-ўринни эгаллаб, 5 поғонага кўтарилган. 2018 йилда бу кўрсаткич 23 балл билан 158-ўринни ташкил этган.[21]

Кўриниб турибдики, янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг долзарб бўғини бўлган қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда. Шубҳасиз, бу туб ўзгаришлар халқ манфаатлари йўлида олиб борилаётган амалий ишларнинг ифодасидир.

Элдор Туляков,

“Тараққиёт стратегияси” маркази

ижрочи директори

Нилуфар Нодирхонова,
“Тараққиёт стратегияси” маркази



[1]Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш бўйича низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.03.2020 й., 09/20/180/0356-сон, 09.09.2020 й., 09/20/544/1265-сон., [Электрон манбаа]:  https://lex.uz/docs/4774077

[2]Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуни, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.03.2020 й., 03/20/610/0299-сон., [Электрон манбаа]: https://lex.uz/ru/docs/4761986 

[3]Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (2020), “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида”. [Электрон манбаа]: https://uza.uz/uz/posts/zbekiston-respublikasi-oliy-mazhlisi-senati-ikkinchi-yalpi-m-28-02-2020 Охирги фойдаланилган кун: 12 февраль 2021 й.

[4] Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида” ги Қонуни. Қонун ҳужжатларимаълумотларимиллийбазаси, 15.05.2020 й., 03/20/617/0585-сон., [Электрон манбаа]: https://lex.uz/ru/docs/4812289

[5] Ўша манбаа.

[6] Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.01.2021 й., 03/21/663/0013-сон., [Электрон манбаа]: https://www.lex.uz/docs/5214169

[7]Ўзбекистон Республикасининг “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонуни. Қонун ҳужжатларимаълумотларимиллийбазаси, 13.01.2021 й., 03/21/664/0014-сон., [Электрон манбаа]: https://lex.uz/docs/5213898

[8]Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (2020), “Бир суд – бир инстанция” тамойили одил судловни таъминлайди”. [Электрон манбаа]: https://uza.uz/uz/posts/bir-sud-bir-instantsiya-tamoyili-odil-sudlovni-taminlaydi-07-08-2020 Охирги фойдаланилган кун: 12 февраль 2021 й.

[9]Ўзбекистон Республикасининг “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонуни. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.01.2021 й., 03/21/664/0014-сон., [Электрон манбаа]: https://lex.uz/docs/5213898

[10]Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2020 й., 06/20/6034/1103-сон; 21.01.2021 й., 06/21/6143/0052-сон., [Электрон манбаа]: https://lex.uz/docs/4910826

[11]Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (2020), “Президент: Адолат – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди”. [Электрон манбаа]: https://www.uza.uz/uz/posts/prezident-adolat-davlatchilikning-mustahkam-poydevori-adolat-va-qonun-ustuvorligini-taminlashda-esa-sud-hokimiyati-hal-qiluvchi-orinni-egallaydi_198424

Охирги фойдаланилган кун: 12 февраль 2021 й.

[12]Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони. Қонун ҳужжатларимаълумотларимиллийбазаси, 10.08.2020 й., 06/20/6041/1151-сон., [Электрон манбаа]: https://lex.uz/docs/4939467

[13]Ўзбекистон Республикасининг “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни. Қонун ҳужжатларимаълумотларимиллийбазаси, 13.01.2021 й., 03/21/664/0014-сон., [Электрон манбаа]: https://lex.uz/docs/5213898

[14]Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони. Қонун ҳужжатларимаълумотларимиллийбазаси, 07.12.2020 й., 06/20/6127/1609-сон., [Электрон манбаа]: https://lex.uz/docs/5146554

[15]Ўзбекистон Республикасининг “Cуд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни. Қонун ҳужжатларимаълумотларимиллийбазаси, 13.01.2021 й., 03/21/663/0013-сон., [Электрон манбаа]: https://www.lex.uz/docs/5214169

[16] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори. Қонун ҳужжатларимаълумотларимиллийбазаси, 30.06.2020 й., 07/20/4761/1001-сон., [Электрон манбаа]: https://lex.uz/docs/4875782

[17]Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти (2020), “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига ШАРҲ”. [Электрон манбаа]: https://president.uz/uz/lists/view/3347 Охирги фойдаланилган кун: 12 февраль 2021 й.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти (2020), “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига шарҳ”. [Электрон манбаа]: https://president.uz/uz/lists/view/3428 Охирги фойдаланилган кун: 12 февраль 2021 й.

[18]Ўзбекистон Республикасининг “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар-Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонуни. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2020 й., 03/20/616/0580-сон., [Электрон манбаа]: https://www.lex.uz/acts/1869805

[19]Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2020 й., 06/20/6034/1103-сон; 21.01.2021 й., 06/21/6143/0052-сон., [Электрон манбаа]: https://lex.uz/docs/4910826

[20]“Тараққиёт стратегияси” маркази”. ”Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичлари”. [Электрон манбаа]: https://strategy.uz/index.php?category=infog Охирги фойдаланилган кун: 12 февраль 2021 й.

[21] “Тараққиёт стратегияси” маркази”. ”Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичлари”. [Электрон манбаа]: https://strategy.uz/index.php?category=infog Охирги фойдаланилган кун: 12 февраль 2021 й.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net