Ўзбекистонда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 13 май – пайшанба куни нишонланади

10.05.2021 12:08

ТОШКЕНТ, 10 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Давлатимиз раҳбарининг қарори билан маънавий қадриятларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий меросида улуғланган, халқимиз томонидан асрлар давомида эъзозлаб келинаётган инсонпарварлик, шукроналик, бағрикенглик, меҳр-оқибат ва саховат туйғуларини кучайтириш ҳамда муборак Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш  вазифалари тасдиқланди.

Ҳужжат билан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 13 май – пайшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2021 йил 13 май Рамазон ҳайити байрами сифатида нишонланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги “2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги фармони билан 2021 йил 14–15 май кунлари қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланганди.

Қарорда шунингдек, Рамазон ҳайитини карантин талабларига мувофиқ, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказиш бўйича вазифалар ҳам кўзда тутилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net