Ўзбекистонда коронавирусдан даволанаётган 531 бемор қолмоқда, 7 нафарининг аҳволи оғир

10.05.2020 12:33

ТОШКЕНТ, 10 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков телевидение орқали мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида маълумот берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири. Жумладан, баёнотда шундай дейилади:

– Жон Хопкинс университети (АҚШ) маълумотига кўра,187 давлатда 4 миллион 100 мингдан ортиқ ҳолатда коронавирус касаллиги қайд этилган. 1 миллион 441 мингдан зиёд фуқаро соғайган, 280 мингдан кўп бемор вафот этган. Касалланиш кўрсаткичи АҚШда юқори даражада сақланиб турибди. Охирги бир кунда бу мамлакатда 25 мингдан зиёд фуқаро коронавирус билан рўйхатга олинган бўлиб, умумий касалланганлар сони 1 миллион 347 мингдан зиёдни ташкил этмоқда. Россияда вирусга чалинганлар сони 198 мингдан ортиб кетди.

Марказий Осиёда Қозоғистон етакчилик қилмоқда. Бу мамлакатда коронавирус юқтирган беморлар сони 4975 нафарга етди, Қирғизистонда 931, Тожикистонда 612 нафарни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда айни дақиқаларга келиб, коронавирус билан 2387 фуқаро рўйхатга олинган. Касалланганларни даволашда ижобий натижалар қайд этиляпти. 9 май куни яна 71 фуқаро тўлиқ соғайган ва реабилитация марказларига ўтказилган. Айни пайтга қадар 1846 нафар, яъни 79 фоиз бемор тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда даволанаётган 531 бемордан 7 нафарининг аҳволи оғир, 5 нафарида ижобий ўзгаришлар кузатиляпти.

Ҳурматли юртдошлар!

Ҳозирги вақтда 42 мингдан ортиқроқ фуқаро карантинда бўлиб турибди. Улар орасида касаллик йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шундай экан, ҳар биримиз карантин тадбирларига риоя этишимиз керак. Оиламизни, ўзимизни касалликка чалинишдан эҳтиёт қиладиган бўлсак, бутун жамиятни хавфдан сақлаган бўламиз. Карантин тадбирларига тўлиқ риоя этинг ва ҳеч қандай кўрсатма бўлмагунича ўзбошимчаликка йўл қўйманг!

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net