Ўзбекистонда кино музейи борлигини биласизми?

08.06.2020 13:14

ТОШКЕНТ, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон кино музейи “Ўзбеккино” Миллий агентлиги биносида жойлашган бўлиб, музей архивида ўзбек киноси тарихидан гувоҳлик берувчи 40 мингдан зиёд экспонатлар сақланади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Агентлик музей ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан танишиш ва махсус фотосуратлар жамланмасини томоша қилишни тавсия этмоқда.

Таниқли кино ижодкорлари ва ўзбек киноси юлдузларининг кўплаб ноёб фотосуратлари музейдан ўрин олган.

Бугунги кунда музейда ўтган йиллар хотираларини намоён этувчи 30 мингдан ортиқ бебаҳо фотонегативлар мавжуд.

Кўргазма залида турли йилларда қўлланилган афишаларнинг асл нусхалари намойиш этилади. Ўзбек анимацион фильмлари тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатлар учун эса алоҳида бўлим тақдим этилган.

Музейда 1920–1980 йилларда фойдаланилган ноёб турдаги кинокамералар ва афсонавий фильмларнинг асл нусхадаги сценарийларининг борлиги алоҳида аҳамиятга эга.

Шунингдек, Ўзбекистон кино санъати музейида Россия Кино Академиясининг “Олтин Ник” мукофотини кўришингиз мумкин. Мамлакатимизда ҳужжатли фильмлар бўйича таниқли уста Малик Қаюмов 1991 йилда ушбу мукофотнинг «Шон-шараф ва қадр-қиммат» номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган.

Кўргазма марказида режиссёр Наби Ғаниев томонидан суратга олинган машҳур «Тоҳир ва Зуҳра» фильмининг ноёб афишаси бор. Таъкидлаш жоиз, ушбу фильм ЮНЕСКОнинг «Олтин жамғармаси» рўйхатига киритилган.

Музейдаги анимацион фильмларга бағишланган ажойиб стендни четлаб ўтиб бўлмайди. Бу ерда Ўзбекистон рассомлари ва режиссёрлари томонидан яратилган энг яхши анимацион фильмлар қаҳрамонларининг чизилган расмлари ва ўйинчоқлари ўрин олган.

“Дунё” АА мухбири

Сардор Мирзаев тайёрлади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net