Ўзбекистонда гендер тенглик масалалари бўйича аёллар хабардорлик даражасини оширишда нималарга эътибор қаратиш керак?

20.08.2020 10:49

ТОШКЕНТ, 20 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистонда аёлларни қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида фуқаролик жамиятини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида “Гендер тенглиги ва гендер масалалари” мавзусида икки кунлик онлайн-тренинг ўтказилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир қатор халқаро тузилмалар, хусусан, Франциянинг Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда комиссия ва қўмита аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Тренинг Ўзбекистонда гендер тенглиги ва аёлларнинг ҳуқуқ  ва имкониятларини муҳокама қилиш, шунингдек давлат идоралари ходимларининг гендер тенглик масалалари бўйича хабардорлик даражасини оширишга қаратилди.

Онлайн тадбирда бугунги кунда гендер тенгликка эришиш нафақат демократик қадриятлардан бири, балки ижтимоий-иқтисодий ва маънавий тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланиши қайд этилди. Жаҳон миқёсида орттирилган тажриба шундан далолат берадики, айнан эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар мавжуд давлатларда аҳоли турмуш фаровонлиги ва ижтимоий-сиёсий  фаоллиги юқори даражада бўлиб, ислоҳотлар муваффақияти таъминланади.

Шу жиҳатдан мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги муҳим аҳамиятга эга. Бунда аввало давлат хизматида банд бўлган юртдошларимизнинг ушбу масалалардаги билимларини ошириш, таъбир жоиз бўлса, қарашларини ўзгартириш долзарб вазифа ҳисобланади. Тренингда гендер тенглигига оид ана шу жиҳатлар атрофлича таҳлил қилинди.

Онлайн-тренинг ўз ишини эртага якунлайди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net