Ўзбекистонда аҳолининг коронавирусдан хабардорлик ва ундан ҳимояланиш даражаси аниқланди

10.03.2020 18:17

ТОШКЕНТ, 10 март. /«Дунё» АА/. «?жтимоий фикр» маркази томонидан «Express-modus» жамоатчилик модус блок мониторинги доирасида Ўзбекистон фуқароларининг COVID-19 коронавирус инфекцияси тўғрисидаги хабардорлик даражаси ва унга муносабатини аниқлаш бўйича сўровнома ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Телефон орқали ташкил этилган жамоатчилик сўрови жорий йил 26 февраль – 2 март кунлари оралиғида ўтказилди. Унда 18 ёшдан катта респондентлар иштирок этди. Қатнашчиларнинг 52,5 фоизини эркаклар ва 47,5 фоизини хотин-қизлар ташкил қилди.

«Сиз коронавирус инфекцияси бўйича етарлича маълумотга эгамисиз?», дея берилган саволга иштирокчиларнинг 45,7 фоизи “ҳа”, 48,1 фоизи “Эшитганман, бироқ етарлича маълумотим йўқ”, 5,5 фоизи “Йўқ, мен коронавирус ҳақида маълумотга эга эмасман”, 0,7 фоизи эса “Сиздан биринчи марта эшитиб турибман” деб жавоб берган.

Сўровномадаги навбатдаги савол «Айтингчи, сиз коронавирус инфекцияси қандай юқишини биласизми?» тарзида берилган. Унга жавоб берганларнинг 8,2 фоизи касалланган ҳайвонлардан, 12,8 фоизи касалланган беморлардан, 4,1 фоизи тери орқали, 50,2 фоизи ҳаво-томчи йўли билан, 5,5 фоизи кўзнинг шиллиқ қавати орқали юқади деган фикрни билдирган. 19,2 фоиз иштирокчи эса вируснинг юқиш йўлларини билмаслигини қайд этган.

Респондентлар коронавирус инфекцияси тўғрисида қайси манбадан хабардор бўлишгани борасидаги саволга қуйидагича жавоб берган:

52 фоиз қатнашчи – Ўзбекистон телеканалларидан,

32 фоиз қатнашчи – интернетдан,

6,8 фоиз қатнашчи – Ўзбекистон радиостанцияларидан,

3 фоиз қатнашчи – даврий матбуотдан,

3 фоиз қатнашчи – қариндош, дўст ва танишларидан,

0,7 фоиз қатнашчи – поликлиника, касалхона, тиббиёт пунктларидан,

0,6 фоиз қатнашчи – маҳалладан,

1 фоиз қатнашчи – ишхонадан,

0,9 фоиз қатнашчи – хорижий телеканаллардан.

Навбатдаги савол коронавирус ҳақидаги маълумотларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши масаласида бўлди. «Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида коронавирус инфекцияси ҳақида етарлича маълумот бериляптими?» тарзида йўлланган саволга 66,5 фоиз киши “ҳа”, 19,5 фоиз киши “Йўқ, мен Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бераётган маълумотлардан қониқмайман”, 2 фоиз одам “Алоҳида кўрсатув ташкил этилишини хоҳлайман”, 12 фоиз инсон “Жавоб беришга қийналаман”, деб муносабат билдирган.

Сўровномада иштирок этганларнинг 50 фоизи ўзи ва яқинларини коронавирус инфекциясидан ҳимояланган, дея ҳисоблашини қайд этган. 19 фоиз киши эса ўзини ҳимояланган сифатида ҳис қилса-да, лекин тўла даражада эмас, дея ҳисоблайди. Ўзини ҳимоясиз билганлар эса 26,6 фоизни ташкил қилар экан. 4,4 фоиз инсонлар ушбу саволга жавоб беришга қийналган.

Мамлакатимизда, шаҳрингизда коронавирус инфекцияси кириб келишига йўл қўймаслик учун нималар қилинаётганини биласизми?

Ушбу саволга 54,5 фоиз аҳоли “ҳа”, 45,5 фоиз инсон эса “йўқ”, деб таъкидлаган.

Сиз нима деб ўйлайсиз, коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш учун етарли чоралар кўриляптими?

Мазкур саволга 68,1 фоиз қатнашчи “ҳа”, 14,8 фоизи “йўқ”, 1,9 фоизи “Ҳеч қандай чоралар кўрилмаяпти”, 15,2 фоизи эса жавоб беришга қийналишини қайд этган.

“?жтимоий фикр”нинг «Сизга коронавирус инфекциясидан шахсий ҳимояланиш усуллари маълумми?» саволномасига иштирокчиларнинг 26,7 фоизи “ҳа”, 73,3 фоизи “йўқ”, деб жавоб қайтарган.

Сўнгги савол коронавирус инфекциясидан қандай ҳимояланиш керак, тарзида берилди.

Аксарият респондентлар, яъни 52,8 фоизи тиббий ниқоб ёрдамида, 0,8 фоизи эфир мойлари кўмагида, 3 фоизи халқ табобати билан, 27,8 фоизи  шахсий гигиенага риоя қилиш билан, 6,3 фоизи одамлар кўп тўпланадиган жойга бормаслик орқали экани бўйича фикр билдирган. 1,5 фоиз киши ўз вақтида врач кўригидан ўтиш кераклигини, 5,2 фоиз инсон тўғри овқатланиш зарурлигини, 1,8 фоизи иммунитетни ошириш лозимлигини, 0,8 фоизи бошқа мамлакатларга бормаслик кераклигини таъкидлаган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net