Ўзбекистонда 15 августдан маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари босқичма-босқич тикланади

14.08.2020 16:59

ТОШКЕНТ, 14 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасига коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, 2020 йил 15 августдан бошлаб маҳаллий авиақатновлар ва темир йўл қатновлари тикланади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Транспорт вазирлиги манбасига асосланиб.

Маҳаллий авиақатновлар ва темир йўл қатновини ташкил этишда доимий равишда ҳар бир авиақатнов ва темир йўл қатновидан олдин тегишли ҳаво кемаси ва темир йўл вагонлари (шу жумладан, ҳар бир ўриндиқни) тўлиқ дезинфекциядан ўтказиш ҳамда ҳавони зарарсизлантириш тизимини жорий этиш чоралари кўрилади.

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 15 августдан карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича қабул қилган қарорига асосан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан жорий йил 15 августдан бошлаб маҳаллий йўналишларда босқичма-босқич поездлар ҳаракати қайта тикланади.

Жумладан, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Afrosiyob» поездлари «Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Тошкент» йўналишида 2 та ва «Тошкент – Самарқанд – Қарши – Тошкент” йўналишида 1 та, шунингдек, “Тошкент – Андижон – Тошкент» йўналишида 2 та йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилади.

Йўловчилар чипталарни темирйўл кассаларидан, шунингдек, онлайн тарзда харид қилишлари мумкин.

Маҳаллий йўналишларда авиа қатновларни тиклаш жараёни ҳам босқичма-босқич амалга оширилади. Хусусан, ֿ«Uzbekistan Airways» авиакомпанияси томонидан 15 август санасидан эътиборан «Тошкент – Нукус – Тошкент», «Тошкент – Урганч – Тошкент» йўналишида ҳафтасига учтадан, «Тошкент – Термиз – Тошкент» йўналишида эса ҳафтасига иккита парвозни амалга ошириш бошланади.  

Йўловчилардан поездлар ва самолётлар бортига чиқишда, вокзал ва аэропортлар ҳудудида ҳамда йўл давомида санитария гигиена қоидаларига доимий равишда қатъий риоя қилишлари талаб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, фуқароларнинг жамоат жойларида ижтимоий масофани (2 метр) сақлаши, тиббий ниқобда бўлиши каби карантин чекловлари 2020 йил 15 августдан кейин ҳам сақланиб қолинади. Тана ҳарорати 37 С ва ундан юқори бўлган ёхуд инфекция аломатлари мавжуд бўлган фуқароларнинг жамоат жойларига чиқишига йўл қўйилмайди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net