Ўзбекистон вакиллари Британия университет ва тадқиқот марказларида учрашувлар ўтказади

26.02.2020 11:45

ТОШКЕНТ, 26 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санжар Валиев бошчилигидаги экспертлар делегацияси шу ҳафтада Буюк Британияга сафар қилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири институт маълумотига асосланиб.

Делегация давра суҳбатлари ва ишчи учрашувлар ўтказиб, ижтимоий-иқтисодий модернизациянинг янги босқичи, Ўзбекистон ташқи сиёсатини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.

Қайд этилишича, ўзбекистонлик экспертлар Буюк Британиянинг етакчи Кембриж ва Сент-Эндрюс университетларида сиёсий фанлар ва иқтисодий тадқиқотлар натижалари бўйича илмий учрашувлар ўтказади.

Дунёга машҳур “Chatham House” таҳлил марказлари ва Қироллик Мудофаа тадқиқотлари институти таҳлилчилари, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг юқори мартабали мутасаддилари билан қўшма учрашувлар ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Миллий иқтисодиётни янада либераллаштириш, Ўзбекистон макроиқтисодий барқарорлиги ва ривожланишини таъминлаш масалалари Европа тикланиш ва тараққиёт банки штаб-квартираси мутахассислари иштирокидаги музокараларда муҳокама қилинади.

Шунингдек, мамлакатимиз вакиллари Буюк Британия парламентида Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотларнинг бориши, жамиятни демократлаштириш жараёни ва инсон ҳуқуқларининг таъминланиш борасидаги натижалар ҳақида тақдимот ўтказади.

Музокараларда мамлакатимизнинг ташқи сиёсат тамойиллари, халқаро ва минтақавий иқтисодий интеграцияга бўлган ёндашувига алоҳида эътибор қаратилади.

Буюк Британияда бўлажак учрашувлар икки мамлакат ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастур ва режаларни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net