Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари икки томонлама ҳамкорлик ва кун тартибидаги минтақавий долзарб масалаларни муҳокама қилдилар

29.06.2020 10:30

ТОШКЕНТ, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун, 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабарида келтирилишича, суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта зафарлар тилади.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов раҳбарлигида замонавий Туркманистон юксак муваффақиятларга эришгани – барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланаётгани, халқаро майдондаги нуфузи муттасил ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама ҳамкорликка доир ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Президентлар Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан таъкидладилар.

Ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни, биринчи навбатда савдо, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транзит ташувлари, туризм соҳаларида янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари чегараолди ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқаларни давом эттириш, шунингдек, таълим ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш фикрини қўллаб-қувватладилар.

?кки томонлама Ҳукуматлараро комиссия доирасида ҳамкорлик бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари коронавирус инфекцияси тарқалишига самарали қарши курашиш мақсадида тегишли идоралар даражасида яқиндан мулоқот ва мувофиқлашувни амалга ошириш муҳим эканини таъкидладилар.

Суҳбат сўнгида давлат раҳбарлари қардош Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашда иккала томон ҳам қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.

Мулоқот ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net