Ўзбекистон ва ШҲТ: барқарор тараққиёт йўлида

21.08.2021 15:48

ТОШКЕНТ, 21 август. /«Дунё» АА/. Кеча Олий Мажлис Сенатининг Халқаро алоқалар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорликда «Ўзбекистон ва ШҲТ: барқарор тараққиёт йўлида ҳамкорлик» мавзуида халқаро давра суҳбати  ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

 Парламент юқори палатаси Ахборот хизмати маълумотига кўра,  офлайн ва онлайн шаклларда  бўлиб ўтган анжуманда парламент аъзолари, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Хитойнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича қўмитаси, ШҲТга аъзо давлатларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялари, илмий-эксперт доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида чоғида, қисқа вақт ичида Евроосиёдаги энг нуфузли сиёсий тузилмалардан бирига айланиб улгурган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 20 йил давомида эришган натижалари таҳлил қилинди.

Ўтган давр мобайнида ШҲТ хавфсизлик масалалари, хусусан терроризм, экстремизм, айримачилик ва наркотрафикка қарши курашда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиб, тўлақонли минтақавий ташкилотга айланишга муваффақ бўлгани қайд этилди.

?штирокчилар парламентлараро, минтақавий ва миллатлараро муносабатлар, ёшлар ташкилотлари фаолияти, маданий дипломатия, таълим ва бошқа турли соҳалардаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистоннинг ШҲТ масалалари бўйича Миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасида кўзлаган асосий мақсади бу барча аъзо давлатлар ҳаётий манфаатларига жавоб берадиган истиқболли йўналишларда амалий ҳамкорликни оширишдан иборат эканлигини айтиб ўтди.

Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қ.Собиров тузилма фаолиятининг гуманитар йўналиши турли халқлар, маданий анъаналар ва диний эътиқод эгаларини бир платформада бирлаштириш, шунингдек, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда самарали ҳамкорлик қилишга имкон берувчи ноёб восита эканлигига алоҳида эътибор қаратди.

Давра суҳбати давомида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари, ШҲТ давлатлари ўртасида халқ дипломатияси механизмларини фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик масалалари хусусида ҳам фикр алмашилди.

Шунингдек, давра суҳбати иштирокчилари томонидан маданий-гуманитар алоқалар соҳасида алмашув ва ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.

Очиқ мулоқот ва ўзаро фикр алмашиш шаклида ўтган тадбир якунлари бўйича иштирокчилар ШҲТ доирасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва транспорт – логистика соҳаларида қабул қилинган долзарб лойиҳаларни амалга оширишнинг муҳим омили сифатида минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш нақадар муҳим эканлиги ҳақида якдил фикр билдирди.

Эслатиб ўтамиз, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг сентябрь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғилишидан сўнг 2021-2022 йиллардаги ташкилот раислиги Ўзбекистонга ўтиши кутилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net