Ўзбекистон ва Миср ишбилармонлари экспорт имкониятини муҳокама қилди

21.05.2020 13:32

ҚОҲ?РА, 21 май. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг «BMB Export Global» қишлоқ хўжалиги улгуржи компанияси раҳбарияти Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси томонидан ташкил этилган видеоконференцияда Миср Савдо-саноат палатаси аъзолари билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Онлайн тадбирда Миср Савдо-саноат палатасининг мева-сабзавот савдоси сектори раиси Яҳё Аҳмад ал-Сунний раҳбарлигидаги ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.

Томонлар Марказий Осиё ва Шимолий Африка минтақасида мева-сабзавот бозорининг бугунги ҳолати, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш чора-тадбирлари, қишлоқ хўжалигида нархлар ва ушбу йўналишда ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр алмашди.

«BMB Export Global» компанияси мамлакатимизда етиштириладиган мева ва сабзавотларни, масалан, гилос, узум, олхўри, хурмо ва олма каби маҳсулотларни Миср бозорларига етказиб беришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Мисрдан апельсин, мандарин, манго ва бошқа цитрус меваларни импорт қилиш имконияти мавжудлигини тасдиқлади.

Мисрлик ишбилармонларга музлатилган, қуритилган сабзавот ва мевалар, шунингдек, компания ишлаб чиқарган бошқа маҳсулотлар намуналари тақдим этилди.

Мисрлик шериклар болалар таълим муассасаларида соғлом овқатланиш дастури доирасида ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор эканини қайд этди.

«BMB Export Global» вакиллари Мисрдаги ҳар бир истеъмолчига юқори сифатли қуритилган мевалар ва янги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш учун қуруқлик транзит йўлаклари ва самолётлардан фойдаланишни таклиф қилди.

Шунингдек, музокарада Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Мисрга экспортини ташкил этиш, истиқболда Араб ва Африка мамлакатларига реэкспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида икки мамлакат бозорларини фаол равишда ўрганиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномаларни ишлаб чиқиш ва тузиш бўйича тижорат таклифларини тақдим этишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net