Ўзбекистон ва Греция дипломатик алоқаларига 28 йил тўлди

16.03.2020 17:53

ТОШКЕНТ, 16 март. /«Дунё» АА/. Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб Ўзбекистон дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори  Греция билан дипломатик алоқаларни ўрнатди. Бугун Ўзбекистон ва Греция учун муҳим сана. Чунки икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 28 йиллиги нишонланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти ?слом Каримовнинг 1997 йил март-апрель ойларида Грецияга расмий ташрифи икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик тарихидаги муҳим воқеа бўлди. Натижада икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи қатор ҳужжатлар имзоланди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар анъанавий дўстлик тамойилларига асосланиб, муҳим халқаро масалалардаги ёндашуви ўхшаш.

Халқаро муносабатларда ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги маслаҳатлашувлар механизми орқали мулоқот олиб борилмоқда. Унинг доирасида халқаро ҳаётнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашилиб, ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда шерикликни чуқурлаштириш каби вазифалар муҳокама қилинмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керак, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг самарали механизми бўлиб хизмат қилмоқда. Греция Қонунчилик палатасида 2004 йил октябрь ойида «Греция – Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи ташкил этилди. «Ўзбекистон – Греция» дўстлик гуруҳи мамлакатимиз парламентида ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда грециялик шериклар иштирокида 16 та корхона фаолият юритмоқда. Улардан 6 таси қўшма ва 10 таси юз фоиз чет эл капитали иштирокида ташкил этилган. ?қтисодий ва техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Греция ҳукуматлараро комиссияси ҳам фаолият юритмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон билан Греция ўртасида маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланаётгани диққатга молик. Маданий-гуманитар йўналишдаги муносабатлар 1997 йилда имзоланган Таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим асосида мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистонда умргузаронлик қилаётган грек диаспораси мамлакат аҳолиси учун тақдим этилган барча ҳуқуқлардан тенг фойдаланмоқда.  Бугунги кунда Ўзбекистонда 5 минг нафарга яқин грек миллатига мансуб аҳоли истиқомат қиляпти. Улар, асосан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Фарғона вилоятларидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётнинг фаол аъзоси сифатида ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Тошкент шаҳрида 1999 йилда Грек маданияти маркази ташкил этилди. Мазкур марказ грек халқи маданияти ва урф-одатларини сақлаб қолиш ва кейинги авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунончи, грекларга хос байрамлар, муҳим саналар марказ томонидан катта тантана билан ўтказилмоқда.

Бундан ташқари Греция маданияти ва санъати вакиллари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган анъанавий «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида мунтазам қатнашиб келмоқда.

?кки давлат ўртасидаги алоқалар спорт соҳасида ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, 2004 йилдан буён Салоники шаҳрида ўзбек кураши бўйича халқаро турнир ўтказиб келинмоқда.

Таълим соҳасида ҳамкорликка Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан Греция педагогик технологиялар институти ўртасида қарор топган яқин ҳамкорликни мисол келтириш мумкин. Мазкур олий ўқув юртлари Бельгиянинг Гент университети билан ҳамкорликда ТЕМПУС дастури доирасида «Грек тилини ўрганиш, грек тилини ўқитишнинг замонавий марказини яратиш» лойиҳасини амалга оширди.

Ўзбекистон – Греция саёҳатни хуш кўрувчи инсонларда катта қизиқиш уйғотадиган мамлакатлар сирасига киради. Мазкур йўналишда икки томонлама ҳамкорлик энг истиқболли йўналиш ҳисобланади. Шу боис Сайёҳлик соҳасида Ўзбекистон – Греция ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма комиссияси ташкил этилган. Бугунги кунга қадар ўзбек туроператорлари Грециянинг «Лилакис Групп», «Амфитрион холидейз», «Плотин Трэвел» ва бошқа етакчи сайёҳлик компаниялари билан яқин алоқалар ўрнатган.

Айни пайтда Тошкент ва Aфина, Самарқанд ва Салоники ўртасида биродарлашган шаҳар мақомига эришиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон – Греция ўртасида турли соҳаларда эришилган натижалар истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net