Ўзбекистон ва АҚШ делегацияси Афғонистон масалаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

30.06.2020 11:45

ТОШКЕНТ, 30 июнь. /“Дунё” АА/. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 30 июнь куни АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ва АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (ДФС) бош ижрочи директори Адам Болер билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати хабарида келтирилишича, мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида яқин сиёсий муносабатлар ўрнатилгани, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ҳарбий-техникавий алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон томони Афғонистонда тез орада тинчлик ўрнатилишига алоҳида аҳамият бериши, бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги ушбу мамлакатдаги хавфсизликка боғлиқлигини таъкидлади.

Томонлар Афғонистон сиёсий раҳбарлари ўртасидаги келишувга эришилганини қўллаб-қувватладилар ҳамда инклюзив ҳукумат тузилиши ва Миллий ярашув бўйича Олий Кенгаш Афғонистоннинг ёрқин келажаги учун мамлакатнинг барча сиёсий кучларини бирлаштиришга ёрдам бериши зарурлигини таъкидлади.

Учрашувда икки мамлакатнинг Афғонистон йўналишидаги ҳамкорлигини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, 27 май куни бўлиб ўтган «Ўзбекистон – АҚШ – Афғонистон» уч томонлама ҳамкорлик шаклидаги биринчи учрашув Афғонистонни тиклаш ва уни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб қилиш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.

АҚШ томони Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишда минтақавий ёндашувни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва ушбу йўналишда фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.

Музокаралар чоғида Афғонистон билан минтақамиз ўртасидаги иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини кенгайтиришга кўмак берадиган қатор лойиҳаларни молиялаштириш учун ДФС маблағларини жалб қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Адам Болер Ўзбекистонда энергетика, инфратузилма, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга тайёр эканини билдирди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net