Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз ҳомийлигидаги мактабга ўқув қуроллари топширди

11.09.2020 16:53

ТОШКEНТ, 11 сентябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эркин Ҳамроев Учтепа туманида жойлашган ва вазирлик ҳомийликка олган 197-умумтаълим мактабига ўқув қуроллари, жумладан мактаб сумкалари, кутубхона фондини тўлдириш учун китоблар, эсдалик совғалари, шунингдек, коронавирус инфекциясидан ҳимоя воситалари топширди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари вазирлик номидан ўқитувчилар ва ўқувчиларни янги ўқув йили билан қутлаб, уларга соғлиқ ва ўқишларида муваффақият тилади.

Мактаб директорининг ўринбосари Ҳабиба Темурбекова вазирлик ва идораларнинг мактаб ўқувчиларига нисбатан самимий ва илиқ муносабатини юқори баҳолади. У Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва ходимларига бундай эътибор учун мактаб жамоаси номидан миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқ таълими тизимини ривожлантириш, ўқитувчилар малакаси ва уларнинг жамиятдаги обрўсини ошириш, ёш авлодни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш бўйича кўрсатмаларини амалга ошириш доирасида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Тошкент шаҳридаги ушбу ўрта таълим мактаби ҳомийликка олинган.

Ташқи ишлар вазирлиги мактаб жамоаси ва ўқувчиларни доимий равишда қўллаб-қувватлаб келмоқда. Келгусида вазирлик пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги таълим муассасалари ўқувчиларининг хорижий тилларни мукаммал эгаллаши учун чет эллик ўқитувчиларни жалб қилишни режалаштирмоқда.

Анвар ?лёсов олган суратлар

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net