Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари рақамли тeхнологиялар даврида коррупцияга қарши кураш бўйича конференциясида қатнашди

06.07.2020 13:50

ТОШКЕНТ, 6 июль.  /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Шерзод Асадов “Рақамли технологиялар даврида самарали бошқарув ва коррупцияга қарши кураш: шаффофлик, яхлитлик ва ҳисобдорлик тамойилларини мустаҳкамлаш” мавзусида юқори даражадаги конференцияда иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Т?В веб-саҳифаси маълумотига кўра, тадбир Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) томонидан видеоконференсалоқа шаклида ташкил этилди.

Тадбирда ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Албания Республикаси Бош вазири ва Европа ва ташқи ишлар вазири Эди Рама, ЕХҲТ Бош котиби Томас Гремингер, БМТ Бош котибининг ўринбосари – БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ижрочи директори Гада Вали, ЕХҲТ иштирокчи мамлакатлари ва халқаро тузилмалар вакиллари иштирок этди.

Конференция давомида давлат тузилмаларининг ҳисобдорлигини кучайтириш, коррупцияга қарши курашда рақамли технологиялар, инноватсиялар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг ролини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Т?В раҳбари ўринбосари конференция иштирокчиларига мамлакатимизда барча соҳаларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида маълумот берди.

Шерзод Асадов Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади. Мамлакат раҳбарияти ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши курашда ОАВ ва фуқаролик жамиятининг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу муносабат билан яқинда ушбу соҳада давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун махсус ваколатли орган бўлган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганлиги қайд этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net