Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Америка давлатлари ташкилоти бош котибига мамлакатимизга мазкур ташкилотда доимий кузатувчи мақомини бери

03.07.2021 12:21

ВАШ?НГТОН, 3 июль.  /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 2 июль куни Вашингтонда Америка давлатлари ташкилоти (АДТ) бош котиби Луис Альмагро билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА  мухбири.

Учрашув чоғида Ўзбекистон билан АДТ ўртасида турли соҳаларда шериклик муносабатларини йўлга қўйишнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари мамлакатимизга мазкур ташкилотда доимий кузатувчи мақомини бериш масаласи ижобий кўриб чиқилгани учун миннатдорлик билдирди.

Томонлар икки ва кўп томонлама даражалардаги мулоқотни мустаҳкамлашга қизиқиш билдирди.

Ўзбекистон ва АДТга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқалар ўрнатиш, саноатни модернизация қилиш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш, терроризмга ва коррупцияга қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш соҳаларида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.

АДТ раҳбари 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган юқори даражадаги «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф этилди.

Америка давлатлари ташкилоти 1948 йилда Пан-Америка иттифоқи негизида (1889 йилда тузилган) ҳамкорликни мустаҳкамлаш, унга аъзо мамлакатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган. АДТга Шимолий ва Жанубий Американинг 34 давлати аъзо бўлиб кирган. Ташкилот Америка давлатлари ўртасида қатор ҳужжатлар, жумладан, коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид битимни қабул қилиш ташаббуси билан чиққан. АДТ тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, терроризмга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва минтақада иқтисодий ривожланишни рағбатлантиришни ўзининг асосий вазифалари, деб ҳисоблайди. АДТнинг бош қароргоҳи Вашингтон шаҳрида жойлашган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net