Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Жанубий Корея халқаро сайёҳлик кўргазмасида намойиш этилмоқда

10.09.2021 13:06

СЕУЛ, 10 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси 9-12 сентябрь кунлари Жанубий Корея пойтахтида ўтказилаётган «Korea International Tourism Show – KITS 2021» халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Корея Республикаси маданият, спорт ва туризм вазирлиги ҳомийлигида ташкил этилган мазкур кўргазмада ушбу давлатда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, хорижий давлатларнинг туризм офислари вакиллари ҳамда маҳаллий туризм компаниялари қатнашмоқда. Тадбир Жанубий Корея халқаро кўргазмалар марказида («KINTEХ») бўлиб ўтмоқда.

Кўргазма павильонида Ўзбекистон элчихонаси томонидан миллий стенд ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ўзида акс эттирувчи фотосуратлар, ҳунармандчилик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, ипак маҳсулотлари ва сопол буюмлари ҳамда бошқа халқ амалий ижоди намуналари намойиш этилмоқда.

Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистоннинг диққатга сазовор туризм маршрутлари, ЮНЕСКО маданий меъроси рўйхатидан жой олган Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларнинг қадимий архитектура ёдгорликлари, замонавий кўнгилочар масканлари, республиканинг турли вилоятларидаги туризм объектлари ҳамда ўзбек халқининг урф-одатлари, миллий таомлари, санъати ва бой маданий меъросини ўзида акс эттирувчи видеоматериаллар тақдимоти ўтказиляпти.

Бундан ташқари, хорижликларга туризмнинг зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, саноат, ишбилармонлик, болалар, ёшлар ва оилавий каби янги турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилмоқда.

Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар Ўзбекистон стенди билан танишар экан, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини юқори баҳоламоқда. Қатнашчиларга корейс тилида чоп этилган Ўзбекистон туризм имкониятлари тўғрисидаги буклетлар ва бошқа тарқатма материаллар тақдим этилмоқда.

Халқаро кўргазма ташкилотчилари ва қатнашчилар фикрига кўра, мазкур тадбирда иштирок этиш корейч жамоатчилиги кўз ўнгида туризм жозибадорлиги йилдан йилга ошиб бораётган Ўзбекистон учун янги имкониятларни яратади ва эпидемиологик вазият барқарорлашиб, келгусида сайёҳлик мавсуми тиклангач, мамлакатга хорижий сайёҳлар оқимининг кўпайишига ҳисса қўшади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net