Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

06.08.2022 12:15

5 август куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Дастлаб сенаторлар 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини “?нсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини эшитди.

Таъкидланганидек, Дастурда назарда тутилган топшириқлардан 215 таси жорий йил I ярим йиллигида бажарилиши белгиланган бўлиб, шундан 137 та банд ва кичик бандлар тўлиқ бажарилган.

Ҳисобот даврида 153 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.

Ҳукумат томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи ўтган йилнинг I ярмига нисбатан 105,4 фоизни ташкил этган.

?нвестиция дастури доирасида 157,5 миллион долларлик маблағлар ўзлаштирилган ва маҳаллийлаштириш дастури доирасида 28 турдаги 3 триллион 940,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.

Жорий йилнинг I ярим йиллигида 4,5 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, прогноз кўрсаткичлари 117 фоизга бажарилган.

Республика бўйича жами 6,9 миллиард долларлик товарлар ва хизматлар экспорти амалга оширилган ҳамда бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 128 фоизни ташкил этган.

Хизматлар соҳасида жами 756 мингта (йиллик режага нисбатан 49 фоиз) янги иш ўринлари яратилган.

Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича дастур ижроси юзасидан 21,7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112,9 фоизга бажарилган.

29 та “Янги Ўзбекистон” массивларида 21 312 та хонадонли 619 та кўп қаватли уй-жойларнинг 397 тасида қурилиш ишлари бошланган.

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида 76 та оилавий шифокор пункти, 20 та оилавий поликлиника ҳамда 505 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиши натижасида 1,8 миллион аҳолига ўз яшаш жойида бирламчи тиббий-санитария хизмати йўлга қўйилган.

Шунингдек, мамлакатимиздаги 40 ёшдан ошган 10 миллион 304 минг нафар аҳолидан қарийб 4 миллион 387 минг нафари тиббий кўрикдан ўтказилган.

Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар томонидан Дастур ижроси юзасидан йўл қўйилган айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Муҳокамалар сўнггида мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июлдаги ПҚ–5202-сонли қарори ҳамда мазкур масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг 2021 йил 27 августдаги СҚ-370-IV-сонли қарорида белгиланган вазифалар амалга оширилиши ҳолати юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилиниб, вазифалар ижроси устидан таъсирчан парламент назорати амалга оширилмоқда.

Оролнинг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича дунёда муқобил бўлмаган ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш, даромадларини кўпайтириш, соғлиғини сақлаш ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Қарорда белгиланган тадбирларни бажариш учун Жўқорғи Кенгес депутатлари бириктирилиб, юзага келган муаммоларни бартараф этиш, сусткашликка йўл қўйган масъулларга сенатор ва депутатлик сўровларини  юбориш амалиёти йўлга қўйилиши натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июлдаги ПҚ–5202-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 1-иловасида  белгиланган 71 та тадбирдан 20 таси  бажарилишига эришилган.

Шу билан бирга, бугунги кунга қадар “Йўл харитаси”нинг 1-иловасида белгиланган 9 та тадбир муддатида бажарилмаганлиги, 5 тасининг муддати кечиктирилганлиги аниқланди.

Шунингдек, “Йўл харитаси”нинг 2-иловасида кўрсатилган 65 та лойиҳадан 15 таси амалга оширилган. Бироқ, 1 та лойиҳа муддатида амалга оширилмаган ва 6 тасининг муддатини узайтириш бўйича таклиф киритилган.

Қарорда белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлашга кескин тўсқинлик қилаётган омиллар ҳамда тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида асослантирилган тушунтириш бериш талаби билан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида Сенатнинг қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровининг ижроси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, парламент сўровида кўрсатилган муаммоли масалаларни бартараф этиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” ва “Ўзчармсаноат” уюшмалари томонидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Ҳукумат томонидан хотин-қизлар учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, иш берувчилар ўртасида меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида тушунтириш ишларини ташкил этиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчилар ва ходимларнинг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида 800 дан ортиқ семинар ва давра суҳбатлари ўтказилган. ?ш берувчиларнинг масъулиятини оширишга доир тавсиялар ишлаб чиқилган.

Шу билан бирга, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси таҳлили, қолаверса, сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳининг тармоқ корхоналарида ўтказилган ўрганишлари шуни кўрсатдики, парламент сўровида кўтарилган масалаларнинг ижроси тўлиқ таъминланмаган ҳамда соҳада қатор камчилик ва муаммолар ҳанузгача ўз ечимини топмаган.

Соҳа корхоналарида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ваколатли давлат органлари ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш йўлга қўйилмаган.

Тўқимачилик корхоналарида ишлаётган аёлларнинг 48 фоизи, чарм саноат корхоналарида ишлаётган аёлларнинг 67 фоизи иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 3-4 баравар кам ойлик маош олиб ишлаётганлиги маълум бўлди.

Тармоқ корхоналарида иш ҳақининг камлиги кадрлар қўнимсизлигини юзага келтирмоқда. Айрим корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ишларига ҳам етарли эътибор қаратилмаяпти. Шунингдек, тармоқдаги аксарият корхоналарда малакали ишчиларни қўшимча рағбатлантириш тизими ҳам йўлга қўйилмаган.

Корхоналарда иш ўринларини меҳнат шароитлари, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлиги, асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича аттестациядан ўтказиш ишлари ҳам талаб даражасида эмас. Натижада бахтсиз ҳодисалар, иш жойларида жароҳатланиш ҳолатлари ошиб бораётганлиги кузатилмоқда.

Парламент сўровида кўрсатилган енгил саноат ва чарм саноати корхоналари бўйича хавф-хатарлилик тоифалари кўрсаткич ва тавсифларини қайта кўриб чиқиш, хотин-қизлар меҳнатини муҳофаза қилиш ишларини доимий мониторинг қилиб боришнинг онлайн тизимини яратиш бўйича топшириқлар ҳам бажарилмаган ва бу борада бирор-бир тизим шу кунгача йўлга қўйилмаган.

?ш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш юзасидан аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича ҳам самарали чоралар кўрилмаган.

Муҳокамалар жараёнида сенаторлар парламент сўровида қўйилган муаммолар, жумладан, хотин-қизлар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, уларга муносиб иш ҳақи тўлаш, иш берувчиларнинг масъулиятини ошириш юзасидан таъсирчан чоралар кўрилмаганлигига танқидий муносабат билдирдилар.

Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра ялпи мажлисда ички ишлар вазирининг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, Сенатнинг 2022 йил 19 мартдаги тегишли қарорига мувофиқ кўрилган чоралар натижасида ўз фаолияти давомида жиноятларни жиловлаш борасида ишларни тўғри ташкил этмаган раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган.

Қайд этилишича, жорий йилда содир этилган умумий жиноятларнинг 93,9 фоизи фош этилган. Қидирувдаги 2 841 нафар шахс ушланиб, бедарак йўқолган 203 нафар шахс топилган.

2021 йил давомида очилмай қолиб кетган жиноятларнинг 1 079 таси, аввалги йилларда очилмаган жиноятларнинг 151 таси фош этилиши таъминланган.

Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишда салмоқли ишлар амалга оширилган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида жами маҳаллаларнинг 53 фоизида  жиноят  содир  этилмаган ва 14 фоизида жиноятлар камайишига эришилган.

Жиноятлар кўпайган 33 фоиз маҳалла “қизил” тоифага киритилиб, қўшма патруллик йўналишлари ташкил этилган.

Эришилган натижалар билан бирга, ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжудлиги қайд этилди.

Хусусан, шу йилнинг 6 ойида рўйхатга олинган жами жиноятларнинг салмоғи Тошкент шаҳрида, Фарғонада, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида юқорилигича қолаётганлигига эътибор қаратилди.

Профилактика инспекторлари томонидан маҳалла ҳудудларида содир этиладиган жиноятларни бартараф этишда ишлар суст олиб борилмоқда. Шу боис, олдини олиш мумкин бўлган айрим турдаги жиноятлар кўпайишига шароит яратилган.

Соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турган шахсларнинг 93 фоизи, гиёҳвандларнинг 96 фоизи  мажбурий даволанишга юборилмаган бўлса, спиртли ичимликка ружу қўйганларнинг атиги 4,1 фоизи, диспансер ҳисобидаги тажовузкор руҳий касалларнинг 52 фоизи мажбурий даволанишга юборилган, холос.

Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сони айрим ҳудудларда юқорилигича қолган.

Республика ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ишлари ҳам бугунги кун талаби даражасида ташкил этилмаган.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан кейин қонунлар ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда Қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан яхшилаш, амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Сенат қўмиталари томонидан қатор қонунлар мониторинги амалга оширилганлиги таъкидланди.

Хусусан, айрим қонунларнинг тўғридан-тўғри ишлаши таъминланмаган. Ҳаволаки нормалар асосан қонуности ҳужжатлар билан тартибга солиб келинган.

Шунингдек, таҳлиллар айрим қонунлардаги нормалар амалиётда номувофиқликларни келтириб чиқараётганлиги қонунларни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда янги таҳрирда қабул қилиш зарурлигини кўрсатди.

Жумладан, қонунларда базавий терминлар ва асосий тушунчалар киритилмаганлиги, махсус ваколатли давлат органи ва унинг ваколатлари белгиланмаганлиги, қонун ва қонуности ҳужжатлар мувофиқлаштирилмаганлиги, айрим нормаларнинг бир-бирини такрорлаши, ахборот тизимларини кенг қўллаш орқали коррупциоген омилларнинг олдини олиш бўйича нормалар мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, Сенат қўмиталари томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган мониторинглар натижасида қонунларни такомиллаштириш, амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.

Мазкур қонунларни янги таҳрирда ишлаб чиқиш юзасидан тавсияларнинг Вазирлар Маҳкамасига юборилишини назарда тутувчи Сенат қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда Бухоро вилоятида туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда хизмат кўрсатишни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида вилоят ҳокимининг ҳисоботи ҳам эшитилди.

Таъкидланганидек, вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида муайян ишлар амалга оширилган.

Хусусан, хорижлик фуқаролар учун Ўзбекистонга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сони 90 тага етказилиши натижасида 2021 йилда Бухоро вилоятига қарийб 49 минг нафар, 2022 йилнинг I чорагида эса 65 минг нафардан ортиқ хорижлик туристлар ташриф буюрган.

Пандемиядан кейин туристлар сонининг ўсиш тенденцияси кузатилган. Маҳаллий сайёҳлар сони 2021 йилда 2 миллион 216 минг нафарни, 2022 йилнинг I чорагида эса 698 минг нафарни ташкил этган.

Вилоятда 2021 йилдан буён 28 та янги меҳмонхона, 29 та хостел, 45 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилиб, жойлаштириш воситаларининг умумий сони 430 тадан ортган, улардаги ўринлар сони эса қарийб 11 мингга етказилиши таъминланган.

Сўнгги бир ярим йил давомида вилоятга ташриф буюрган туристларга кўрсатилган меҳмонхона, овқатланиш, маданий-кўнгилочар, савдо каби хизматлар ҳажми 2 триллион 330 миллиард сўмни ташкил этган.

Вилоятда 2022 йил I чорак якунига кўра, фаолият кўрсатаётган 31,5 мингдан ортиқ корхоналарнинг қарийб 65 фоизи хизматлар соҳасига тўғри келиб, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши эса 41,5 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, сенаторлар соҳадаги мавжуд камчиликларга эътибор бериш ва ўз вақтида бартараф этиш зарурлигини қайд этишди.

Хусусан, “Бухоро” халқаро аэропортида жорий этилган “очиқ осмон” режимидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, янги авиа йўналишлар очиш, масалан, халқаро йўналишда Дубай, Жакарта, Куала-Лумпур, Лаҳор, Душанбе шаҳарларидан Бухорога тўғридан-тўғри ва чартер рейсларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаши ва уларга хизмат кўрсатилиши бўйича аксарият жойлаштириш воситаларида қонунчиликда белгиланган талаблар асосида шарт-шароитлар яратиш зарур эканлиги маълум қилинди.

Шунингдек, вилоятдаги мавжуд туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида маданий мерос объектларига (829 та маданий мерос объектидан 139 таси туристик маршрутга киритилган) туризм маршрутларини янада кўпайтириш кераклиги айтиб ўтилди.

Ялпи мажлисдаги муҳокама якуни бўйича ўз ечимини кутиб турган муаммоли масалаларни бартараф этиш юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

?кки кун давомида ялпи мажлисда сенаторлар томонидан 14 та масала, шу жумладан, 6 та қонун муҳокама этилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўққизинчи ялпи мажлиси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

 Ахборот хизмати

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net