Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари замонавий халқаро ҳаёт учун долзарбдир – бу борада экспертлар фикри

24.09.2020 16:34

ТОШКEНТ, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75 сессиясидаги видеомурожаати маҳаллий ва халқаро эксперт-таҳлил доиралари вакилларида катта қизиқиш уйғотди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

– Давлатимиз раҳбари ўз нутқида замонавий халқаро ҳаёт учун долзарб бўлган қатор ташаббусларни илгари сурди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори ўринбосари Дониёр Тўраев.
– Хусусан, у COVID-19 пандемияси шароитида халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Янги турдаги коронавируснинг дунё бўйлаб кенг миқёсда тарқалиши бу каби фавқулодда вазиятларда глобал стратегик ҳаракатлар режаси йўқлигини аниқ кўрсатиб берди. Шу боис халқаро муносабатларни барқарор ривожлантиришда қатор муаммолар пайдо бўлди.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари БМТнинг юксак минбаридан туриб пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги Халқаро кодексни ишлаб чиқиш ва уни қабул қилишни таклиф этди.

Ўзбекистон Президенти илк бор 2020 йил 8 июлда Халқаро меҳнат ташкилотининг СОVID-19 ва меҳнат соҳалари масалаларига бағишланган Глобал саммитида ушбу ҳужжатни ҳозирги шароитда БМТ ҳомийлигида қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

У чеклов чоралари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш бўйича мажбурий кафолатлар вақтинчалик характерга эга бўлиши кераклигига алоҳида эътибор қаратди. Бундай чоралар хатарларга мослашган бўлиши керак, халқаро савдога, айниқса тиббий маҳсулотлар, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чораларига тўсқинлик қилмаслиги лозим.

Пандемиянинг тез суръатларда тарқалиши профилактика чораларини тизимли, ўз вақтида ва самарали амалга ошириш зарурлигини яна бир бора тасдиқлади. Ушбу вазият содир бўлганда ҳам соғлиқни сақлаш хизматларига ортиқча юк тушишига йўл қўймаслик керак.

Булар, аввало прогноз қилиш, уни тарқалишининг дастлабки босқичларида бартараф этиш, эпидемияга қарши курашиш ва унинг оқибатларини камайтириш бўйича чораларда намоён бўлиши керак.

- Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатида коронавирус пандемияси меҳнат хавфсизлигини таъминлаш зарур эканини кўрсатганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди, - дейди Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси Феруза Ҳамдамова.

– Бу бевосита янги касалликка қарши курашнинг олдинги қаторларида тун-у кун хизмат қилиб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатаётган соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт ходимлари саломатлигини ҳимоя қилиш масаласига ҳам тегишлидир.

Пандемия шароитида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги Халқаро кодекснинг аҳамияти нимада? Унда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида давлатларнинг ўз фуқаролари, халқаро шериклар олдидаги энг кам миқдордаги шарт ва мажбуриятларини мустаҳкамлаш тавсия этилади.

Халқаро кодекс пандемия даврида чеклов чораларининг вақтинчалик хусусиятини белгилашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинишини кафолатлашга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга, тизимли, ўз вақтида ва самарали профилактика чораларини кўришга, фавқулодда вазиятларда меҳнат хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган бўлиши зарур.

Ўзбекистон Президентининг ушбу ташаббусини амалга ошириш учун кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни қабул қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилиши кутилмоқда. Ушбу жараён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси (ЮНКТАД), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари маслаҳатларини олиш, шунингдек, мамлакатлар ва етакчи халқаро ташкилотларнинг ҳужжат ҳаммуаллифлари сифатида жалб қилинишини ўз ичига олади.

Бундан ташқари, ҳужжат тақдимотига бағишланган қатор халқаро ва минтақавий тадбирлар ўтказилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net