Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси матни ЕХҲТ Доимий кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди

22.01.2021 11:47

ВЕНА, 22 январь. /«Дунё» АА/. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Доимий кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси тақдим этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда ЕХҲТ Бош котиби Хельга Шмид, Доимий кенгаш раиси, Швеция элчиси Ульрика Фунеред, ташкилот Котибияти ва Парламент ассамблеяси масъул ходимлари, шунингдек, ЕХҲТга аъзо ва шерик давлатларнинг элликдан зиёд элчиси ва дипломатик миссиялари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги Доимий вакили, элчи Абат Файзуллаев йиғилиш иштирокчиларини Президентимиз Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан таништирди.

Ушбу Мурожаатноманинг дастурий аҳамиятга эга экани ва Ўзбекистоннинг яқин йиллардаги ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб бергани, шунингдек, таълим тизимини ислоҳ қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, иқтисодий соҳани тараққий эттириш учун янада қулай шароитлар яратиш бўйича ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотларга янги туртки бериши қайд этилди.

Элчи мамлакатимиз парламенти аъзолари давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистонда 2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаганини маълум қилди. Ушбу таклиф мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатларни давом эттириш, ёш авлоднинг соғлом ва баркамол тарбия топишига шароит яратиш, таълим, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадларига қаратилган.

Ўзбекистон халқаро майдонда миллий манфаатларга жавоб берадиган очиқ, амалий ва конструктив ташқи сиёсатни давом эттириши таъкидланди.

Йиғилиш иштирокчиларининг диққат-эътибори давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йилда Ўзбекистон ташқи сиёсатини амалга ошириш бўйича белгилаб берилган асосий вазифаларга қаратилди. Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, асосий шериклар бўлган мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, БМТ, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш шулар жумласидандир.

Ўзбекистонда миллий мустақилликни мустаҳкамлаш, жамиятни янада демократлаштириш, савдо-иқтисодий алоқалар ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган фаол ишлар давом эттирилиши маълум қилинди.

Йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси матни ЕХҲТ Доимий кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net