Ўзбекистон Президенти: Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигининг бугунги суръатини сақлаб қолиш муҳим

02.02.2021 13:02

ТОШКЕНТ, 2 февраль. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Афғонистон делегацияси – мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ва Президент Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргарни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари икки томонлама муносабатларнинг бугунги суръатини сақлаб қолиш ва аввал эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим эканини алоҳида таъкидлади.

Бу борада сўз юритилганда, аввало, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва уни яқин йилларда камида 2 миллиард долларга етказиш учун қулай шароитлар яратиш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида кооперацияни кучайтириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида муҳим дастурларни амалга оширишни қайд этиш лозим.

Афғонистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон Президентига кўрсатилган самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган қатъий саъй-ҳаракатлари учун чуқур миннатдорлик билдирилди.

Бугун Тошкент шаҳрида халқаро молиявий институтлар раҳбарлари иштирокида ўтган Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ биринчи йиғилишининг самарали якунлари юксак баҳоланди.

Учрашувда томонлар ушбу лойиҳани тез фурсатда тайёрлаш ва амалга оширишни бошлаш, қабул қилинган «йўл харита»си асосида хорижий ҳамкорлар ва салоҳиятли инвесторларни фаол жалб қилиш муҳим эканини таъкидладилар.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net