Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Сума Чакрабарти: Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакат қайси йўналишда ривожл

08.01.2021 15:17

ЛОНДОН, 8 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг собиқ президенти Сума Чакрабарти давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини изҳор қилди.

С.Чакрабарти «Дунё» ААга берган интервьюсида Мурожаатноманинг ўта муҳим аҳамиятини таъкидлаб, нутқ янги Ўзбекистон тараққиёти истиқболларини белгилаб берган дастуриламал экани, ушбу ҳужжатда мамлакат қайси йўналишда ривож топиши аниқ кўрсатилганини қайд этди.

— Президент Шавкат Мирзиёев нутқидаги тўртта муҳим йўналиш алоҳида эътиборга лойиқ, — деди Сума Чакрабарти. — Биринчидан, Ўзбекистон Президенти мамлакатнинг ҳар бир фуқароси, айниқса, ёшларнинг ёрқин келажагини таъминлаш учун зарур бўлган жиҳатларга эътибор қаратди. Бу, албатта, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига ажратиладиган сармоялардир. Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар, айниқса, коронавирус пандемиясидан кейин давр учун алоҳида аҳамиятга эга.

?ккинчидан, хусусий сектор ролини оширишга асосланган иқтисодий тараққиётнинг аҳамияти таъкидланди. Маълумки, ушбу сектор иқтисодий ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакат етакчиси давлат компаниялари ва банкларини хусусийлаштириш зарурлигини қайд этди. Бу нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки халқаро бозорлар вакилларига мамлакат иқтисодий сиёсатининг ривожланиш вектори тўғрисида аниқ тасаввур бермоқда. Хусусий секторни ривожлантириш бандликни таъминлаш, юқори қўшимча қийматга эга янги иш ўринларини яратиш жараёни, меҳнат бозорига кириб келаётган ёш авлод учун ниҳоятда муҳим. Аҳолини иш билан таъминлаш масаласини ҳал қилишда йирик компаниялар билан бир қаторда кичик ва ўрта бизнес ҳиссаси ҳам катта аҳамиятга эга.

Учинчи йўналиш давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ. Мен бу жараённи ҳақиқатан ҳам долзарб, деб биламан. Президент нафақат марказ - Тошкентга, балки маҳаллий бошқарув органларига ҳам аҳолига янада самарали хизмат қилиш зарурлиги тўғрисида аниқ кўрсатмалар берди. Шубҳасиз, давлат бошқаруви соҳасидаги ислоҳотлар яқин келажакнинг асосий вазифаларидан бирига айланиши керак.

Тўртинчи йўналиш ҳам долзарблиги билан ажралиб турибди. Президент давлат аҳоли билан яқин алоқада бўлиши ва мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар тўғрисида оддий одамларнинг фикрини тинглаш зарурлигини бир неча бор таъкидлади. Ҳокимият давлат тизимини муваффақиятли модернизация қилиш ва халқ манфаатлари йўлидаги вазифаларни самарали бажариш учун жойларда аҳоли ўзини қандай ҳис қилаётганини яхшироқ англаши керак.

Ушбу устувор йўналишлар замонавий Ўзбекистонда фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатлар қандай йўлга қўйилганини яққол намойиш этади, деб ҳисоблайман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net