Ўзбекистон Президенти: Ҳудудларда ёшлар ва аёллар муаммоларини ҳал қилиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда

23.08.2020 10:36

ТОШКEНТ, 23 август. /«Дунё» АА/. Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро халқаро аэропортида масъул раҳбарлар иштирокида йиғилиш ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бугунги мураккаб шароитда аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни камайтириш, пандемия шароитидан талафот кўраётган иқтисодиёт тармоқларини тиклаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

"Темир дафтар", "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари" тизими доирасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

- Ҳудудлардаги ёшлар ва аёллар муаммоларини чуқур таҳлил қилиш ва уларни самарали ҳал этиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бизнинг мақсадимиз одамларни муносиб ҳаёт билан таъминлашдир, деди давлатимиз Раҳбари.

Пандемия даврида хориждан Бухоро вилоятига қайтиб келган 8 минг фуқаронинг 7 минг нафари аллақачон иш билан таъминланди. Мутасадди ходимларга бандлик масалаларини босқичма-босқич ҳал этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Асосий эътибор инвестицион лойиҳалар ва экспорт масалаларига қаратилди.

Хусусан, жорий йилда Бухоро вилоятида 14 мингта ишчи ўрни яратиш имкониятига эга 571 та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Йил охирига қадар экспорт ҳажми 184 миллион долларга етказилиши кутилмоқда.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Бухоро ҳам улкан бунёдкорлик майдонига айланди. Фақатгина вилоят марказида 700 та объект қурилиши ишлари бошлаб юборилган.

Асосий мақсад Бухорода бошланган кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдир, дея таъкидланди йиғилишда.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг амалга ошираётган ва режалаштирилган ишлари тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди, қўйилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажариш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net