Ўзбекистон Президенти Бухоро шаҳридаги Давлат хизматлари марказига ташриф буюрди ва ёш дастурчилар билан суҳбатлашди

22.01.2021 14:37

ТОШКЕНТ, 22 январь. /«Дунё» АА/.  Президент Шавкат Мирзиёев кеча Бухоро шаҳридаги  Давлат хизматлари марказига ташриф буюрди ва ёш дастурчилар билан суҳбатлашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати маълум қилишича, бу ерда «ягона дарча» тамойили асосида 130 дан ортиқ турдаги давлат хизмати кўрсатилади. Бинода Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, Халқ қабулхонаси, Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхона, ФҲДЁ бўлими, нотариал идора ҳам жойлашгани аҳолига қулайлик яратган. Кутиш залида китоблар жовони ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари хизматлар нархини арзонлаштириш, олис маҳаллалар аҳолисига сайёр ва онлайн хизмат кўрсатиш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ҳам очилган. Молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, ахборот хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган.

Бинонинг иккинчи қаватида IT Parkнинг Бухоро филиали жойлашган. Бу ерда ҳам ўқувчилар, ҳам талабалар, ҳам фрилансер ва дастурчилар учун зарур шароитлар яратилган. Болалар мактаб давридан ўйинлар орқали ахборот технологияларига қизиқтирилади, кейин ўқитилиб, лойиҳалар ишлаб чиқишга ўргатилади. Бу ерда ёш ҳаваскорлар, робототехниклар, веб дизайнерлар, профессионал дастурчилар йиғилган.

Президентимиз бухоролик ёшларнинг салоҳиятини юксак баҳолаб, бу соҳа мамлакатимиз тараққиёти учун жуда муҳим эканини таъкидлади.

– Бухоро азалдан илм-фан маркази бўлган. Бугун ҳам билимли, интилувчан ёшлар кўп. Бухоронинг IT соҳаси бўйича брендини яратиш керак. Бунинг учун барча нарса – шароит, ресурс, интеллект бор, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз «Мандэй ЛАБС» корхонасига асос солган 25 ёшли Саидравшан Шокиров, халқаро IT компаниялар билан ҳамкорликда ишлаётган дастурчи Шаҳрулло Тухсанов ва бошқа ёшлар билан суҳбатлашди.

Долзарб иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича ёш дастурчиларга буюртма бериш, маблағ, энергия ресурслари ва вақтни тежовчи дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари IT Parkдаги ёшлар билан эсдалик учун суратга тушди.

IT Park учун Bukhara City мажмуасида 9 ва 12 қаватли замонавий бинолар қурилмоқда. Мажмуада коворкинг маркази, офислар, меҳмонхона, ресторан ва спорт заллари бўлади. У ерда 700 дан зиёд иш ўрни яратилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net