Ўзбекистон Президенти Бухоро шаҳрида Карим Камолов хотирасига ҳурмат бажо келтирди

23.08.2020 10:35

ТОШКЕНТ, 23 август. /«Дунё» АА/. Бугун Президент Шавкат Мирзиёев давлат ва жамоат арбоби, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов дафн этилган Бухоро шаҳридаги «Ҳазрати ?мом» қабристонига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Бухоро эли оғир жудоликка учради, деб таъкидлайди, Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.  Карим Жамолович Камалов 22 август куни 65 ёшида вафот этди.

Ўзининг 47 йиллик фаолияти давомида Карим Камолов чинакам раҳбарлик қобилияти, инсоний фазилатлари билан улкан ҳурмат қозонгани, Бухоронинг ҳар томонлама ривожланиши ва обод бўлишига катта ҳисса қўшгани таъкидланди.

Карим Камолов 1955 йил Бухоро шаҳрида туғилган. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини битириб, меҳнат фаолиятини қурилиш соҳасида бошлаган. 1994-2007 йилларда Бухоро шаҳри ҳокими сифатида самарали меҳнат қилган. Мазкур даврда бу ерда мислсиз бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, иқтисодий-ижтимоий соҳалар изчил ривожланди. Шаҳарнинг 2500 йиллиги кенг нишонланди, халқаро фестиваллар муваффақиятли ўтказилди. Қадимий обидалар обод қилиниб, туризм инфратузилмаси яхшиланди.

Карим Жамоловичнинг бой билим ва тажрибаси 2007-2017 йилларда «20-трест» масъулияти чекланган жамият раиси бўлиб ишлаган пайтларида қўл келди.

Охирги йилларда вилоятда юз бераётган кенг миқёсли ўзгаришлар ҳам Карим Камолов сермаҳсул фаолияти билан боғлиқ бўлди. У 2017 йилдан Бухоро шаҳри ҳокими, 2020 йил февралдан Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида мамлакатимиздаги ислоҳотларни амалга оширишда фидокорона меҳнат қилди. Халқ депутатлари вилоят ва шаҳар кенгашлари аъзолари қаторида ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётига хизмат қиладиган муҳим қарорларни ишлаб чиқишга ҳам ҳисса қўшди.

Карим Камоловнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги буюк хизматлари муносиб тақдирланиб, у «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан мукофотланган эди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net