Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг йигирма саккизинчи ялпи мажлиси 8 июль куни чақирилади

06.07.2022 18:21

ТОШКЕНТ, 6 июль. /«Дунё» АА/.  Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг  кеча бўлиб ўтган мажлисида  Сенатнинг йигирма саккизинчи ялпи мажлисини  8 июль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, Кенгаш мажлисини Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарди.

Йиғилишда қайд этилганидек,  видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтадиган ялпи мажлис доирасида қатор масалалар кўриб чиқилади.  «Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги, «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Давлат бюджетининг 2021 йил якунлари бўйича ижроси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш режалаштирилган.

Шунингдек, сенаторлар дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан ҳамда иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳасида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровларини юбориш масалалари муҳокама қилинади.

Ялпи мажлисда экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, мамлакатимизда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати, шунингдек, ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижалари кўриб чиқилади.

Ялпи мажлис доирасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш назарда тутилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net