Ўзбекистон мевалари "иқлим назорати"га эга вагонларда Россияга етказиб берилади

17.09.2020 13:40

ТОШКEНТ, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Шу кунларда юртимиз деҳқонлари етиштирган сабзавот ва меваларни совуткичли контейнерларда Россияга етказиб бериш режалаштирилган, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

"Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар билан ҳамкорлигимиз катта салоҳиятга эга", дея Россия озиқ-овқат сектори ташкилотлари ассоциацияси президенти Михаил Синев сўзидан иқтибос келтиради “Логирус” веб-сайти. “Қизиғи, бугунги кунгача Россияга Ўзбекистондан бирорта ҳам совуткичли воситаларга эга контейнерлар келмаган. Лойиҳада темир йўлнинг ҳаракатдаги таркиби учун турли имкониятларни ишга солиш, янги логистика ечимларини таклиф этиш орқали оғир юк ташувчи автотранспорт воситаларидаги юкларнинг маълум қисмини темир йўл вагонларида олиб бориш кўзда тутилган. Шундагина биз ҳароратни кузатиб бориш ва маҳсулотни етказиб бериш талабларига риоя қилишни назорат қилишимиз енгил бўлади».

Республиканинг турли минтақаларидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Тошкент шаҳрида йиғилиши режалаштирилган. Маҳсулот Тошкентда сараланади ва кейинчалик совуткичли контейнерларда ташишга тайёрланади. Юк ташиш йўналиши ва тафсилотларини белгилаб олиш бўйича музокаралар давом этмоқда, бироқ шуни олдиндан айта олиш мумкинки Россия ҳудудида юкларни тушириш учун энг салоҳиятли пунктлардан бири – бу Самара шаҳридир.  Айнан ушбу шаҳарда келгусида “Ўзбекистон – Россия” логистика марказини яратиш режалаштирилмоқда.

Синов муддати даврида умумий ҳажми 100-200 тоннадан иборат юклар Россияга 5 тадан тортиб 10 тагача совуткичли контейнерларга эга поездларда жўнатилади. Лойиҳа синовдан муваффақиятли ўтса, юкларни мунтазам равишда, ҳафтасига бир марта жўнатиш режалаштирилмоқда. Юклар асосан узум, хурмо, анор ва сабзавотлардан ташкил топади.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида ягона электрон платформани яратиш имконияти ҳам муҳокама қилинмоқда. Унда ўзбекистонлик мева-сабзавот етиштирувчилар воситачиларсиз тўғридан-тўғри Россияда харидорлар топишлари ва маҳсулот етказиб беришни ўзлари назорат қилиш имкониятига эга бўлишлари мумкин.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net