Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида жорий йилда ўтказиладиган президент сайловларини юксак савияда ўтказиш вазифалари

07.01.2021 09:47

ТОШКЕНТ, 7 январь. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Марказий сайлов комиссияси манбасига кўра,  раис Мирзо Улуғбек Абдусаломов бошқарган мажлисда пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамасдан Марказий сайлов комиссияси ўтган йилги фаолиятини самарали давом эттиргани таъкидланди.

Мажлис кун тартибидан ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (Д??ҲБ) Миссиясининг Ўзбекистонда 2019 йил 22 декабрда ўтказилган сайловларни кузатиш юзасидан тавсиялари, МСКнинг 2020 йилнинг иккинчи ярмидаги фаолияти натижалари ва 2021 йилнинг биринчи ярми учун иш режасига оид ҳамда Комиссия фаолиятини янада такомиллаштиришга доир айрим низомлар лойиҳаларини тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар жой олди.

Жорий йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа – президент сайловлари ўтказилади. Шу боис бўлажак сайловларни миллий қонунчилик ва умумъэтироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юқори даражада ташкил этишга ҳозирдан алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда, ўтган сайловларда орттирилган миллий тажриба ҳамда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этиш ишлари муҳим ўрин тутади.

ЕХҲТ Бюросининг “Янги Ўзбекистон – Янги сайловлар” шиори остида ўтган парламент сайловларини кузатган тўлақонли миссиясининг Якуний ҳисоботида мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги бир қатор ижобий ўзгаришлар эътироф этилган. Жумладан, сайловлар такомиллашган қонунчилик асосида ўтказилгани ва мустақил, очиқ фикрларга нисбатан эркин қараш муҳитининг ошгани алоҳида таъкидланган. Бу борадаги ишларни собитқадамлик билан давом эттириш бўйича тавсиялар берилган.

МСК қарори билан якуний ҳисоботда билдирилган тавсияларни атрофлича ўрганиш ва мақбулларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди ҳамда тегишли вазифалар белгилаб олинди.

МСК котибияти ва Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмати тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ матбуот хизмати Марказий сайлов комиссияси раисига бевосита бўйсунадиган алоҳида мустақил бўлим сифатида фаолият юритади. МСК томонидан ташкил этиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш, комиссия фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашда матбуот хизмати котибият билан яқиндан ҳамкорликни амалга оширади.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ахборотномаси – Вестник Центральной избирательной комиссии Республики Узбекистан” журнали тўғрисидаги низом ҳамда унинг таҳрир ҳайъати таркиби тасдиқланди.

Тадбирда, шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг идоравий архивига оид, ҳужжатларнинг қийматини аниқлаш ва уларни доимий сақловга топшириш бўйича эксперт комиссиясига доир  низомлар ҳам тасдиқланди.

Мажлисда МСКнинг 2020 йилнинг иккинчи ярмидаги фаолияти натижалари батафсил таҳлил этилиб, 2021 йилнинг биринчи ярми учун иш режаси тасдиқланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net