Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида замонавий консервация ва реставрация лабораторияси очилди

10.02.2021 17:09

ТОШКЕНТ, 10 февраль. /«Дунё» АА/. Кеча Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида замонавий консервация ва реставрация лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Маданият вазирлиги маълумотига таяниб.

Очилиш маросимида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Кан Чжэ Квон, лойиҳа бўйича вакил Жисео Ким ҳамда маданият вазирининг ўринбосари Камола Акилова иштирок этди.

Ушбу лойиҳа археологик тадқиқотлар орқали туризмни ривожлантириш, Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи фондида сақланаётган этнографик ва археологик топилмаларни ҳамда Афросиёб музейи деворий суратларини реставрация ва консервация ишларини амалга ошириш учун янги замонавий лаборатория ускуналари ва кимёвий материаллар билан таъминлашга йўналтирилган.

2019-2021 йиллар давомида бу ерга Жанубий Кореядан замонавий асбоб ускуналар ва кимёвий материаллар олиб келиниб, таъмирлаш лабораториясига ўрнатилди.

Мазкур замонавий таъмирлаш лабораторияси нафақат Ўзбекистон илмий салоҳиятини оширишга, балки тадқиқот инфратузилмасини яратиш ва Ўзбекистоннинг Осиё минтақаси, хусусан Корея Республикаси билан маданий алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net