Ўзбекистон Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессиясини 2023 йилда қабул қилиш таклифини илгари сурмоқда

09.11.2021 17:28

ТОШКЕНТ, 9 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон делегацияси UNWTO Бош ассамблеясининг 30 ноябрь – 3 декабрь кунлари Мадрид шаҳрида бўлиб ўтадиган 24-сессиясида иштирок этади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимиз вакиллари мазкур анжуманда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессиясини 2023 йилда Ўзбекистонда қабул қилиш таклифини илгари суриши кутилмоқда.

«uzbekistan.travel» маълумотига кўра, Ўзбекистон ўтган йил сентябрь ойида Самарқанд 2023 йил шаҳрида UNWTO  Бош ассамблеяси сессиясини ўтказиш бўйича ариза топширган.

Халқаро ташкилот Бош ассамблеясининг 24-сессиясидаги иштирок доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан Ўзбекистон маданияти тақдимотига бағишланган расмий қабул ташкил этилади. Тадбир доирасида Бош ассамблея меҳмонлари ва иштирокчилари мамлакатимизнинг бетакрор маданияти, халқ амалий санъати маҳсулотлари билан танишади, миллий таомларимиздан татиб кўради, миллий фольклор жамоаларининг ёрқин шоу-концертидан баҳраманд бўлади.

Туризм соҳасидаги халқаро экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризмнинг янги турларини диверсификация қилиш, хусусан, зиёрат туризмини ривожлантириш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, «Global Muslim Travel Index 2019» рейтингида мусулмонлар учун жозибадор бўлган энг яхши 10 мамлакат қаторига Ўзбекистон ҳам киритилишига хизмат қилган.

Ўзбекистонда тўрт мингдан ортиқ тарихий ва меъморий ёдгорликлар мавжуд. Мамлакатимизнинг асосий туристик марказлари – Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ёдгорликлари ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Ўзбекистоннинг тарихий ва сайёҳлик дурдоналаридан бири – Самарқанд шаҳри кўп асрлар давомида Буюк ипак йўлининг маркази бўлиб келган. UNWTO Бош Ассамблеяси 25-сессиясининг Ўзбекистонда, қадимий Самарқандда ўтказилиши бутун минтақа учун муҳим воқеадир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1993 йилдан буён UNWTOнинг тўлақонли аъзоси бўлиб, 1994 йилда Буюк ипак йўли бўйлаб туризмни ривожлантириш халқаро лойиҳасида иштирок этувчи давлатларнинг Самарқанд декларацияси қабул қилинган эди. 2011 йилда эса Ўзбекистон БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ?жроия кенгаши аъзоси этиб сайланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net