Ўзбекистон интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро шартномаларга қўшиладими?

14.08.2020 18:24

ТОШКЕНТ, 14 август. /«Дунё АА/. Ўзбекистон Републикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Aдлия вазирлиги ҳузуридаги ?нтеллектуал мулк агентлиги, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамкорлигида “Ўзбекистоннинг интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро шартномаларга қўшилишнинг аҳамияти” мавзуида видеоанжуманда мазкур масалалар муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Анжуманда ижрочилар, фонограмма яратувчилар ва эшиттиришлар тайёрловчи ташкилотлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Рим конвенцияси, кўзи ожиз, кўришда нуқсони бўлган ва босма ахборотни идрок этишда бошқа жиҳатдан қобилияти чекланган шахсларнинг нашр этилган асарлардан фойдаланишини енгиллаштириш тўғрисидаги Марокаш шартномасига қўшилиш юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, Рим конвенцияси талабларига кўра, турдош ҳуқуқлар ҳимояси муаллифлик ҳуқуқи ҳимояси билан бир қаторда, лекин муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялаш механизмларига дахл қилмаслик шарти билан, амалга оширилиши назарда тутилган. Рим конвенциясига қўшилишни истовчи ҳар қандай давлат учун бу жараён очиқ ҳисобланади, бунда конвенцияга қўшилишни истовчи давлат Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги Бутунжаҳон конвенцияси (1952) ёки Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Берн конвенциясига (1886) аъзоси бўлиши лозим.

Ҳозирги кунда дунёдаги 94 давлат, жумладан, МДҲга аъзо мамлакатлардан Арманистон (2002), Озарбайжон (2005), Россия (2003), Қирғизистон (2003), Тожикистон (2008) ва Қозоғистон (2012) Рим конвенцияси иштирокчиси ҳисобланади.

2013 йил 27 июнда қабул қилинган Марокаш шартномаси “глобал китоб очлиги” муаммосини ҳал қилишга қаратилган. Ҳар йили дунё бўйлаб чоп этиладиган миллионлаб китобларнинг атиги 7 фоизи кўриш қобилияти бузилган 285 миллион одамга тақдим этилади, уларнинг 90 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди.

Шу муносабат билан, Марокаш шартномасига қўшилиш гуманитар ва ижтимоий жиҳатларга эга бўлиб, шартноманинг имзоланиши кўриш қобилияти ва бошқа ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилган китоблар, журналлар ва бошқа босма материаллар ишлаб чиқарилишини кенгайтиради ва ижтимоий заиф гуруҳлари таълим олиши, маданий-маърифий ривожланиши учун қўшимча имкониятлар яратади. 

Айни пайтда дунёдаги 68 давлат, жумладан, МДҲга аъзо мамлакатлардан Қирғизистон (2017), Россия (2018), Озарбайжон (2018), Тожикистон (2019) Марокаш шартномаси иштирокчиси ҳисобланади.

Тадбир иштирокчилари Рим конвенциясига қўшилиш маҳаллий ижрочилар, фонограммаларни ишлаб чиқарувчилар ва радиоэшиттириш ташкилотлари учун интеллектуал мулк маҳсулотларининг халқаро бозори жуғрофиясини кенгайтириш, турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига туртки беришини таъкидлади.

Тадбирда миллий қонунчиликни ушбу халқаро шартномалар қоидаларига мувофиқлаштириш, ваколатли органлар ва мамлакатнинг ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларини бажариш учун молиялаштириш манбаларини аниқлаш бўйича таклифлар билдирилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net