Ўзбекистон – Ҳиндистон: Азалий дўстлик ва ҳамкорлик ришталари янги босқичга кўтарилмоқда

27.07.2020 17:57

ТОШКЕНТ, 27 июль. /«Дунё» АА/. Янгиланган Ўзбекистон билан қалин шериклик муносабатларини боғлаган давлатлардан бири Ҳиндистон Республикасидир. Мамлакатимиздан яқинда ушбу давлатга янги элчи тайинланди. ЎзА мухбири Ҳиндистонда дипломатик миссиясини бошлаган Дилшод АҲАТОВ билан видеоконференцалоқа орқали интервью уюштирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Қўйида мазкур суҳбатни эътиборингизга ҳаво этаяпмиз.

– Дилшод Ҳамидович, аввало, Сизни ушбу шарафли ва масъулиятли лавозимга тайинланганингиз билан табриклаймиз! Сиз яқинда Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковиндга ишонч ёрлиғини топшириб, расман элчилик фаолиятингизни бошладингиз. Дастлабки таассуротларингиз қандай?

– Эътибор учун катта раҳмат! Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланганим катта шарафдир. Давлатимиз раҳбари ва халқимиз томонидан Ватанимиз манфаатларини ушбу мамлакатда илгари суриш, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги кенг қамровли алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида кўрсатилган юксак ишончни оқлаш йўлида бор куч-ғайратимни, тажриба ва билимимни сафарбар этишни, сидқидилдан меҳнат қилишни ўзимнинг шарафли бурчим, деб биламан. Шу билан бирга, элчилик инсондан юқори масъулиятни ҳам талаб этади.

Ҳиндистонга келган ҳар бир инсон, китобларда битилганидек, ҳинд халқи эпослари, мамлакатга бағишланган қизиқарли ҳикоялар, уларда тасвирланган султонлар ва гўзал саройлар, Болливуд фильмлари, ажойиб куй-қўшиқлар ва рақсларни ёдга олади. Мамлакат қадимий тарихи, бой маданияти, чуқур илдизларга эга миллий анъаналари ва урф-одатлари билан сайёҳларни доим ўзига жалб этиб келган.

Ҳозирги вақтда дунёнинг бошқа мамлакатлари каби Ҳиндистонда ҳам коронавирус пандемияси туфайли киритилган карантин қоидалари ва талабларига риоя қилган ҳолда, иш фаолиятимизни видеоконференциялар ва телефон мулоқотлари орқали амалга оширмоқдамиз. Карантин чоралари юмшатилганидан кейин эса ушбу мамлакат ранг-баранг ҳаётининг барча жабҳаларини одамлар билан бевосита мулоқот қилиш орқали чуқурроқ ўрганиш фаолиятимнинг муҳим жиҳатидан бири бўлади, албатта.

– Ҳиндистон Ўзбекистоннинг стратегик шерикларидан бири. Мамлакатларимиз ўртасида кўп асрлик тарихий алоқалар мавжуд. Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик қайси соҳаларда ривожланмоқда?

– Ҳиндистон бугунги кунда нафақат қадимий тарих ва бой маданиятга, балки дунё миқёсида улкан сиёсий, иқтисодий ва илмий салоҳият ҳамда катта нуфузга эга давлат сифатида эътироф этилади. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти, саноат ишлаб чиқариши, ташқи савдоси ҳажми бўйича ва кўплаб бошқа соҳаларда жаҳонда етакчи ўринларда туради.

Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги тарихий ва маданий муштараклик, мамлакатларимиз халқларининг дўстона ришталари, ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган, бугунги кунда стратегик шериклик даражасига кўтарилган ҳамкорлик икки томонлама кенг қамровли муносабатларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардим, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга сўнгги икки йилда икки бор ташриф буюрдилар. Хусусан, Президентимиз 2018 йил октябрь ойида давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди, 2019 йил январь ойида эса “Жўшқин Гужарат – 2019” халқаро инвестиция саммитида иштирок этди. Мазкур ташрифлар дўст давлат билан стратегик шериклик муносабатларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди.

Ушбу мулоқотлар давомида жуда кўплаб йўналишларда аниқ келишувларга эришилди ва ҳозирги кунда уларни ҳаётга татбиқ қилиш борасида фаол ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги мавжуд улкан имконият ва салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш мақсадида бугунги кунда ушбу мамлакат билан ҳамкорлигимиз турли жабҳаларда ривожланмоқда. Сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва технологик, туризм, олий таълим, илм-фан ва инновациялар, соғлиқни сақлаш, маданият, ҳудудлараро ҳамкорлик ва бошқа кўплаб соҳалар шулар жумласидандир.

Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковиндга

ишонч ёрлиғини топшириш маросими,

2020 йил 8 июль

– Сиз бир неча йил Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари вазифасида ишлаб, ушбу соҳада бой тажриба тўплаш имкониятига эга бўлдингиз. Айтингчи, бугунги кунда мамлакатимиз дипломатик миссиялари раҳбарлари олдига қандай талаблар қўйилган? Уларни бажариш учун Сиз элчи сифатида қандай режаларни белгилаб олдингиз?

– Бугунги кунда элчилар фаолияти Президентимиз томонидан ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолият соҳаларида белгилаб берилган долзарб вазифалар ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш борасидаги топшириқлар ижросига қаратилган.

Жумладан, Президентимиз раҳбарлигида фаол, ҳар томонлама мувозанатли ва конструктив ташқи сиёсатни юритиш, мамлакатимиз атрофида хавфсиз, барқарор ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, хорижий ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, чет элдаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва бошқа кўплаб йуналишларда иш олиб борилмоқда.

Сўнгги уч йилда элчихоналаримиз фаолиятида, биринчи навбатда, иқтисодий дипломатияга эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Президент томонидан дипломатик миссиялар олдига мамлакат ташқи иқтисодий манфаатларини фаол илгари суриш, хусусан, миллий маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш, хорижий инвестиция ва технологиялар ҳамда сайёҳлар оқимини жалб этиш бўйича муҳим вазифалар қўйилган.

Бу борада мутлақо янги, инновацион ёндашув илгари сурилган – ҳар бир хорижий дипломатик муассаса мамлакатимизнинг муайян ҳудудларига вилоят ва туманлар кесимида бириктирилган. ?шимизнинг муҳим таркибий қисми – маҳаллий ҳокимият органлари ва тармоқлар билан кунлик мулоқот орқали юқоридаги вазифаларни бажариш, ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ барча долзарб масалаларни тезкор ва самарали ҳал қилишдир.

Юқорида кўрсатилган вазифаларни бажариш учун мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, икки томонлама муносабатлар локомотиви ҳисобланадиган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада жадаллаштириш, маданий-гуманитар алоқалар, ҳарбий ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмак бериш фаолиятимнинг асосини ташкил қилади.

– Коронавирус пандемияси давлатлараро савдо-иқтисодий муносабатларга жиддий таъсир кўрсатди. Жорий йил Ҳиндистон билан ўзаро савдо ҳажмида қандай натижалар кутиляпти? Умуман, инқироз ҳолатидан чиқиш ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида фикр билдирсангиз.

– Ҳақиқатан ҳам, коронавирус пандемияси халқаро ҳаёт ва давлатлараро ҳамкорлик кўламига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Шунга қарамасдан ишимиз сусайиб қолгани йўқ, аксинча фаолиятимизни янги, ноанъанавий ёндашув асосида янада жадалроқ амалга оширишда давом этяпмиз. Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни изчил ривожлантириш ва янада мустаҳкамлаш мақсадида ушбу мамлакатдаги ҳамкорлар билан узлуксиз мулоқотдамиз, яъни учрашув ва музокаралар, видеоконференция ва телефон орқали суҳбатларни ташкил этяпмиз.

Савдо-иқтисодий алоқалар борасида сўз борганда, Ўзбекистон одатда Ҳиндистонга дуккакли маҳсулотлар ва қуруқ мевалар етказиб берганини қайд этиш ўринли. Сўнгги йилларда экспорт имкониятлари ипак маҳсулотлари, ип-калава, ҳўл мева ва бошқа турдаги янги маҳсулотлар ҳисобига кенгайди. Жорий йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистоннинг Ҳиндистонга экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли 144 фоизга ўсди.

Аммо пандемия бошланиши билан киритилган карантин чекловлари туфайли, афсуски, савдо-сотиқ ҳажми бирмунча сусайди. Карантин чоралари кучайтирилишига қарамасдан, ҳозирги кунда юқорида зикр этилган маҳсулотлар экспорт ҳажмини тиклашга ҳамда янги маҳсулотлар савдосини йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқдамиз.

– Ҳинд ишбилармон ва академик доиралари билан Ўзбекистонда яна қайси йўналишларда йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда?

– Ҳиндистоннинг улкан иқтисодий, технологик ва интеллектуал салоҳияти ушбу мамлакат билан ҳамкорликнинг янги жабҳаларини очиш учун жуда яхши имкониятдир.

Ҳиндистонлик инвесторларнинг юртимизга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Хусусан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, меҳмонхона инфратузилмасини бошқариш, автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, олий таълимнинг турли йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш каби соҳаларда мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган.

Масалан, 2010 йилдан буён “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган “UzMinda” Ўзбекистон – Ҳиндистон қўшма корхонаси ўз фаолиятини кенгайтириш ниятида. Корхона таъсисчиси “Spark Minda” компанияси раҳбари Ашок Минда юртимизнинг бошқа вилоятларида ҳам ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишга тайёрлигини маълум қилди. “UNO Minda” компанияси раҳбарияти эса ушбу соҳада бутунлай янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида қизиқиш билдирди.

Шунингдек, Ҳиндистоннинг йирик “Kusum Healthcare” фармацевтика компанияси бош директори Санжив Гупта Тошкент вилояти Зангиота туманида ташкил этилаётган “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ҳудудида юқори талабга эга антибиотиклар, бод касаллигига қарши, оғриқ қолдирувчи ва бошқа турдаги дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истагини маълум қилди.

Қолаверса, ҳозирги кунда ҳиндистонлик ҳамкорларимиз билан Тошкент ва Наманган шаҳарларида турар жой, кўнгилочар масканлардан иборат йирик мажмуаларни барпо этиш бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган.

Олий таълим соҳасида ҳам алоқалар жадаллашди. 2019 йил Тошкентда Амити, Андижонда Шарда университети филиаллари очилди. Ҳозирги кунда ушбу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда. Шу йилнинг июнь ойида Бухоро давлат тиббиёт институти билан “LNCT University” университети раҳбарияти ўртасида музокаралар ўтказилиб, ҳамкорликнинг дастлабки босқичида қўшма факультет ташкил этишга келишиб олинди.

Биотехнологиялар ва агрокластерлар, тўқимачилик, чарм, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қатор бошқа йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳиндистон техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида ўзбекистонлик мутахассисларнинг Ҳиндистонда малака ошириши борасидаги ишлар давом этмоқда. Хусусан, жорий йил январь – март ойларида Наманган ва Самарқанд вилоятлари олий ўқув юртлари ўқитувчилари Ҳайдаробод шаҳрида инглиз тили курсларида малака оширди.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Ҳиндистон барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга. Ана шу имкониятларни рўёбга чиқариш, халқларимиз ўртасидаги тарихий дўстликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарор ривожланишда ўзаро мувофиқ интилишларни рағбатлантириш фаолиятимизнинг туб моҳиятини ташкил қилади, мақсадларимизни акс эттиради.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Манба: ЎзА.уз

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net