Ўзбекистон, Германия ва Австрия сайёҳлик компаниялари вакиллари ҳамкорликни қайта тиклаш истиқболларини муҳокама қилди

22.08.2020 10:49

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 22 август. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Германиянинг «BZ.COMM» компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов ҳамда Ўзбекистон, Германия ва Австрия сайёҳлик компанияларининг 100 га яқин вакиллари иштирокида видеоконференция ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Видеоконференцияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини халқаро миқёсда фаол тарғиб қилиш ва европалик сайёҳлар оқимини мамлакатимизга қайтишини тиклаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда, шунингдек, Германия, Австрия ва Швейцариянинг “RTL” телекомпанияси, “Die Welt”, “Frankfurter Allgemeine Zeitung”, “Frankfurter Neue Presse”, “Berliner Morgenpost” газеталари, “Focus”, “time4you” каби йирик журналлар вакиллари ҳам қатнашди.

Мулоқот давомида чет эллик шериклар ва оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари, қадимий шаҳарлари, маданий ва тарихий жойлари, дам олиш масканлари, гастрономия, ҳунармандчилик анъаналари, шунингдек, сайёҳлар учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Учрашув иштирокчилари мамлакатимизда пандемиянинг туризм соҳасига таъсирини кредит ва солиқ таътиллари, субсидиялар ва грантлар кўринишида камайтириш, шунингдек, чет эллик сайёҳлар учун санитария-эпидемиология хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга катта қизиқиш билдирди.

Хусусан, тадбир иштирокчиларига «Uzbekistan. Safe travel guaranteed» хавфсизлик тизими асосида мамлакатимизда халқаро туризмни қайта тиклаш режаси тақдим этилди. Қайд этилганидек, ушбу тизим халқаро сайёҳлик хавфсизлигининг энг юқори талабларига жавоб беради.

Видеоконференция доирасида сайёҳлик компаниялари ўртасида алоҳида мулоқот шўъбаси ташкил қилинди. Унда томонлар ҳамкорликни ривожлантириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди, сайёҳлик алмашинувини тиклаш тўғрисида фикр алмашди.

Учрашув якунида томонлар ушбу мулоқот шаклини мунтазам равишда давом эттиришга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net