Ўзбекистон – Германия: дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 28 йил тўлди

06.03.2020 10:47

Бугун, 6 март куни Ўзбекистон билан Германия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 28 йил тўлди. Ўтган вақт мобайнида икки мамлакат ўртасида юқори даражадаги сиёсий мулоқот йўлга қўйилди, мустаҳкам ҳуқуқий база яратилиб, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик кўлами кенгайиб борди.

Ҳозирги пайтда самарали муносабатларни изчил ривожлантириш барча йўналишларда тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатли шериклик руҳида давом этмоқда.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашиш жараёни жадал тус олди. Етакчи хорижий давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатилиши ёш республикамиз суверенитетини мустаҳкамлаш, миллий ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, барқарор иқтисодий ривожланиш, эркин демократик давлат қуришда муҳим роль ўйнади. 1991 йил 31 декабрь куни республикамиз мустақиллигини тан олган Германия мамлакатимиз учун ана шундай ишончли шериклардан бирига айланди. ?кки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 6 март куни ўрнатилди.

Сал кам ўттиз йил давомида Германия билан ҳамкорлик барча соҳаларни қамраб олиб, кўп қиррали аҳамият касб этди. Бугунги кунда 140 дан ортиқ ҳужжат икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини ташкил қилмоқда.

Бугунги кунда давлатлараро сиёсий мулоқот юқори даражада олиб борилмоқда. Бунда шу кунга қадар амалга оширилган юқори даражали тўрт ташриф муҳим ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил январь ойида Германия Федератив Республикасига илк расмий ташрифи, шунингдек, Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Валтер Штайнмайернинг ўша йилнинг май ойида мамлакатимизга расмий ташрифи муносабатларнинг жорий босқичида янги уфқлар очди.

Германия кенг жамоатчилиги фикрига кўра, олий даражадаги ушбу ташрифлар кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорликка янги суръат бахш этди.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил бошида Германияга ташрифи нафақат сиёсий мулоқот, балки турли соҳалар, жумладан, илм-фан ва таълим соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга имкон берди, – дейди Берлиндаги Европа менежмент ва технологиялар мактаби президенти Йорг Рохол. – Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик натижаларидан мамнунмиз ва уни янада кенгайтириш тарафдоримиз. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар жараёнига муносиб ҳисса бўлиб қўшилига ишончимиз комил.

Ўзбекистон ва Германия глобал ҳамда минтақавий муаммолар бўйича конструктив ҳамкорликни БМТ ва ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар доирасида олиб бормоқда. Янги руҳдаги ҳамкорликда парламентлараро, шунингдек, ҳукуматлар ва идоралар ўртасидаги алоқалар муҳим ўрин тутмоқда.

Хусусан, Германия Бундестаги билан ҳамкорлик қилиш мақсадида 2016 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон – Германия” гуруҳи ташкил этилди. Ўз навбатида, Германия парламентида 1994 йилдан буён “Германия Федератив Республикаси – Марказий Осиё” гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.

?кки томонлама муносабатларнинг ҳозирги кун тартибини муҳокама қилишнинг самарали механизми Ўзбекистон ва Германия ташқи ишлар идоралари ўртасидаги мунтазамлик касб этган сиёсий маслаҳатлашувларда намоён бўлмоқда.

Германиянинг Конрад Aденауер ва Фридрих Эберт жамғармалари, ҳамкор мамлакат Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқ соҳасида халқаро ҳамкорлик жамғармаси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти кўп йиллардан буён Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Биргаликда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, алоқалар фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ҳуқуқшунослик, суд-ҳуқуқ ва ахборот коммуникация технологиялари соҳасида жадал ривожланмоқда.

Савдо ва инвестиция йўналишидаги шериклик Ўзбекистон билан Германия ҳамкорлигида устувор жиҳатдир. Мамлакатларимиз ўртасида савдо-сотиқда энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилади. 2019 йил ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 980 миллион доллардан ошди.

Савдо ва инвестиция бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳ ҳамда Ўзбекистон – Германия ишбилармонлар кенгаши икки мамлакат ишбилармон доиралари манфаатларини илгари суришда муваффақиятли фаолият юритмоқда. Бу ўзининг кутилган натижаларини бермоқда ва Германия бизнес доиралари томонидан ҳақли эътироф этилмоқда.

Хусусан, Германиянинг “DLG International GmbH” халқаро қишлоқ хўжалиги жамияти катта эксперти Aльфонс Гобелнинг қайд этишича, Ўзбекистонда инвестиция жозибадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар таҳсинга лойиқ. Aмалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг натижалари шериклик алоқаларини қишлоқ хўжалиги соҳасида янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Шу сабабли Германия компанияси Ўзбекистондаги шериклари билан узоқ муддатли асосда ҳамкорлик қилишга тайёр.

Бугунги кунда Ўзбекистонда германиялик сармоядорлар иштирокида 100 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимизда Германия концернлари томонидан қатор халқаро лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани инвестиция соҳасидаги самарали ҳамкорликка ёрқин мисолдир. Булар орасида “MAN” компанияси билан биргаликда замонавий юк машиналарини ишлаб чиқариш, “CLAAS” ва “Lemken CЛAAС” бренди остидаги қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллийлаштиришдаги қўшма лойиҳалар, “Knauf” билан шерикликда қурилиш материаллари тайёрлаш, “Deutsche Kabel” билан кабел ва сим маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилганини алоҳида аҳамиятга эга.

Германия йирик бизнеси вакиллари 2018 йилнинг май ойида икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик доирасида илк бор Ўзбекистонга ташрифи ҳам қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги техникаси, автомобилсозлик, кимё ва электротехника, банк сектори, туризм ва хизмат кўрсатишда самарали лойиҳалар бўйича музокаралар олиб бориш учун шароит яратди.

– Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш бўйича ҳукумат томонидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Лейбниц номидаги ўтиш даври мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти директори Томас Глаубен. – Қишлоқ хўжалигини тартибга солишнинг бозор механизмларига босқичма-босқич ўтилаётгани соҳани тараққий эттиришга, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга ва қишлоқ хўжалигига инвестициялар ҳамда янги технологияларни жалб қилишга ёрдам беради. Ўз навбатида, биз ҳам Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Маданий-гуманитар соҳаларда ҳам Ўзбекистон – Германия мулоқотини ривожлантиришга муҳим жиҳат, дея қаралади. Ўзбекистонда немис тилини ўрганишга бўлган қизиқиш юқори. Бугунги кунда республикамиз мактаблари ва олий ўқув юртларида 400 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ёш немис тилидан таҳсил олмоқда. Гёте институти, Германия халқ университетлари ассоциациясининг халқаро ҳамкорлик институти ва чет эл мактаблари марказий бошқармасининг немис тили мувофиқлаштирувчиси ваколатхонаси самарали фаолият юритмоқда.

Дунёда мамлакатлар ҳамкорлигининг бугунги босқичида халқ дипломатияси механизмларидан кенг фойдаланилади. Бу самарали ёндашув Ўзбекистон – Германия алоқаларида ҳам устунлик касб этади. Хусусан, Тошкент ва Берлин, Бухоро ва Бонн биродарлашган шаҳар мақомига эга. Бу самарали маданий мулоқотни таъминлаш, таълимда ўзига хос алмашувлар, барқарор ривожланиш бўйича лойиҳалар рўёбига хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ўз миллий анъаналари ва маданиятини асраб-авайлаб келаётган ва Германия билан яқин алоқага эга 8 мингдан ортиқ этник немис мавжуд. Ўзбекистонда немис миллатига мансуб фуқаролар нафақат ўзбек жамиятининг ажралмас қисми, балки икки давлат ўртасидаги мулоқотни таъминловчи кўприк ҳамдир.

Хулоса ўрнида айтганда, икки мамлакат ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик кун тартибида ўзаро манфаатдорлик, фойдаланилмаган имконият ва манбаларни ишга солишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзаро муносабатлар ривожи йўлидаги умумий ёндашувлар ишлаб чиқилмоқда.

Маҳмуд Бобоназаров,

Улуғбек Шоназаров,

 “Дунё” АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net